Мирлан Бакиров парламентнинг вице-спикерлик хизматидан кетди

265

«Онугуу-Прогресс» фракциясининг Жогорку Кенешдаги депутати Бакит Торобаев фейсбук саҳифасида парламентнинг вице-спикери Мирлан Бакиров хизматини топширганини хабар қилди.

«У ўз ихтиёри билан бошқа ўсиб келаётган депутатларга жой бўшатиш мақсадида хизматини топшириш бўйича қарор қабул қилди», — деб ёзди Торобаев.

Депутатнинг айтишича, Бакировнинг ўрнига «Онугуу-Прогресс»дан Жогорку Кенешнинг етакчи ўринбосари Уланбек Исмаиловнинг номзоди кўрсатилган. Қарорни фракция депутатлари мақуллаган.

Бунга қадар Дастан Бекешев депутатлар парламеннинг вице-спикери Аида Касималиевани ҳам хизматдан кетказиш учун қўл тўплашаётганини айтиб чиққан. Касималиева ўзи бу маълумотни ОАВлардан ўқиганини билдирган.

Мирлан Бакиров ким?

Мирлан Бакиров парламентга 2015-йили «Онугуу-Прогресс» партиясининг байроғи остида келган.

2020-йилдаги парламент сайловида Бакиров собиқ божхоначи Райимбек Матраимовга тегишли деб айтилган «Мекеним Қирғизистон» партиясини бошқарган.

«Мекеним Қирғизистон» яна бир ҳукуматчи дейилган «Биримдик» партияси каби сайловда ғалабага эришган. Сайлов олди ташвиқот ишлари вақтида партия бир неча бор сайловчиларнинг овозларини сотиб олишга ва бошқа қонун бузарликларда айбланган.

Райимбек Матраимов — «Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг Қирғизистондан чиқарилиб кетган 700 млн доллар бўйича суриштирувининг фигуранти. Парламент сайловининг натижасидан норози бўлиб, ҳукумат алмашгандан кейин Матраимов божхонада ишлаб турган вақтдаги коррупцияда гумонланиб қўлга олинган.

Аммо тергов билан ҳамкорликка розилик бергандан кейин, ўша куннинг ўзидаёқ ҳеч қаерга кетмаслик тилхати асосида қўйиб юборилган. Энди у давлат бюджетига 2 млрд сом тўлаб бериши керак. Молия вазирлигининг маълумотига кўра, бугунги кунда у 1,2 млрд сом тўккан.

Матраимовнинг тергов билан ҳамкорлик қилишига ўша вақтда президентнинг вазифасини бажараётган Садир Жапаров туртки бўлган. Жапаров бу унинг  «сиёсий қарори» эканини айтиб, у МХДҚнинг етакчиси ва сафдош дўсти Камчибек Ташиевдан Матраимовни қўйиб юборишни илтимос қилганини билдирган.

Жапаров бундай қадамини Матраимов шу йўл билангина ўғирлаган пулини давлатга қайтариб беради деб изоҳлаган.