«ОшЭлектро» электр энергияни тежашга чақирди, акс ҳолда чироқ ўчиши мумкин

264

«ОшЭлектро» очиқ акционерлик жамиятининг етакчилиги 16-декабрда матбуот йиғини ўтказиб, Ўш ва Боткен вилоятларида электр энергиясини истеъмол бўйича лимит ортаётганини билдиришди. Уларнинг айтишича, бу электр ёруғининг ўчишига олиб келиши мумкин.

«Кунлик лимитлар бўйича айтиб ўтсак: лимит 12 млн 965 минг киловатт/соат берилаётган бўлса, кечаги куни эса 14 млн 938 мингга чиққан — бу рекорд. Бу йил январь ойида ҳам бундай кўрсаткич бўлмаган — 12 млн 300 минг киловатт/соат сарфланган», — деди «Юқори волтли электр тармоқлари» ишхонасининг бош инженери Эмилбек Исманов.

«ОшЭлектро» раҳбарининг биринчи ўринбосари Нурлан Раимбек ўғлининг уйни иситишда бошқа манбаларни қўлланишга чақирди.

«Электр энергия — бу “тоза” ва бизга энг қулай бўлиб ҳисобланади: уйни иситишга ёки бошқа ишларни амалга оширишда. Айни вақтда бизда электр энергиядан бошқа ҳам иситиш манбалари бор — кўмир, газ билан иситиш. Ушбу уч манбани бирга олиб кетиб, биргина энерготизимга оғирлик юкламасак. Акс ҳолда бу бизнинг муаммойимизга айланиб кетиши мумкин», — деди Раимбек ўғли.

«ОшЭлектро» ОАЖ етакчисининг тижорий масалалар бўйича ўринбосари Мирбек Гуроновнинг айтишича, ҳар бир  истеъмолчига  5 кВт (киловат) лимит қўйилган. Солиштириб кўрсак, телевизор беш соатда ўрта ҳисоб билан 0,75 кВт ишлатади.

«Қанчалик кўп электр ускуналарини қўлланаётган бўлсак, уйдаги электр ҳисоблагичнинг автомати  ташлайди, (бунинг натижасида электр ёруғи ўчирилади — таҳририят). Истеъмолимиз кўпайгани сари эса бизнинг автоматика яна ўзидан-ўзи ташлайди», — деди Гуронов.

Гуронов баҳор ойигача электр энергиясини тежаш кераклигини қўшимча қилди.

Идоранинг маълумоти бўйича, Ўш ва Боткен вилоятларида «ОшЭлектро»нинг 440 мингдан ортиқ абоненти бор — унинг 107 508и Ўш шаҳрида жойлашган.

Бунга қадар Миллий энергохолдинг электр энергиясини тежаб, биноларни иситиш учун газ ва кўмир ёқишга чақирган.

Вице-премьер-министр Равшан Сабиров эса парламент йиғинида мамлакатда ўтган ойга нисбатан электр энергияси икки баробарга кўп қўлланилаётганини билдирди. Шу сабаб мамлакатда электр энергияси автоматик турда ўчиб қолиш хавфи туғилмоқда дейди.

2020-йили Токтогул сув омборида сув оз бўлгани сабабли, Қирғизистон электр энергиясини Қозоғистондан сотиб олишга мажбур. Сабировнинг айтишича, Токтогул сув омборида 19,5 млрд кубометр сувнинг ўрнига фақатгина 14,7 млрд кубометр сув тўпланган.