Референдум ўтказиш бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда мақулланди

295

Жогорку Кенеш  9-декабрда «Давлат бошқаруви шаклини аниқлаш учун референдум тайинлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Референдумни 10 январь куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президент сайловлари билан бирга ўтказиш таклиф қилинмоқда.

Парламент сессиясида жами 63 нафар депутат йиғилди, аммо баъзи парламентариларнинг фикрига кўра, референдум тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш учун камида 80 депутат иштирок этиши керак, чунки бу конституциявий овоз бериш.

Қонун лойиҳасига қарши фақат беш нафар депутат овоз берди: Дастан Бекешев, Омурбек Текебаев, Наталя Никитенко, Эвгения Строкова ва Рискелди Момбеков.

Референдум ўтказиш бўйича қонун лойиҳасида қирғизистонликларга президентлик ёки парламент бошқарув шаклини танлаш тавсия қилинади. Мазкур қонун лойиҳасининг ташаббусчиси депутат Акилбек Жапаров.

Дастлаб, 3-декабрда, Жогорку Кенешнинг тегишли қўмитасининг тўққиз нафар аъзоси лойиҳани мақуллаб, парламентга муҳокама учун юборган. Кейинчалик қўмитанинг бир неча аъзолари қонун лойиҳаси қўмитада қаралмаганини ва бу регламентга тўғри келмаганини айтиб чиқишган.

Қонун лойиҳасини илгари сурган Акилбек Жапаров бу масала қўмитада муҳокама қилинмаганини тасдиқлаб, сўровнома усули қўлланилганини айтган.

«Қўмитада булар “кворум тўплай олмаяпмиз, сўровнома йўли билан битирамиз” дейишган. Шу йўл билан битиришди», — деган Акилбек Жапаров.

Бунга қадар Олий суднинг Конституция палатаси мамлакатда референдум ўтказиш Конституцияга қарши келмайди деган қарор чиқарган.