Ўш шаҳар мэри Таалайбек Сарибашов яшаётган Жанубий резиденциядаги хизмат уйи 3 миллион сомга таъмирланди. Бу ҳақда шаҳар раҳбари 3 декабрда «Т-Медиа» нашрига берган интервьюсида билдирди.
Сарибашовнинг айтишича, мер яшайдиган уй қаровсиз қолиб, эски бўлгани сабаб тендер баҳоси 3 млн 291 минг сомни ташкил қилган капитал таъмирдан ўтган.
«Бошқа хизмат уй қуриш учун ҳам бундан икки-уч баравар кўп маблағ кетарди. Кейинги келган мерларга ҳам хизмат уйи бўлиб қолади. Бошқа жойдан келиб ишлаши мумкин. Мен ўйлайманки ўз уйимни ясатиб олмадим, бу хизмат уйи бўлиб қолди», — деди у.
Мериянинг матбуот котиби Азамат Абсаттаров «Клооп»га шаҳар раҳбарининг шаҳар ўз уйи йўқ бўлгани учун резиденцияда яшашини айтди.
«Уй таъмирланганига бир йилдан ошди. Мерни ўзини уйи Олай туманида. Бу уй таъмирлангунча у квартирада турган. Олдин ҳукумат вакили бўлган вақтда ҳам резиденцияда яшаган», — деди у.
Абсаттаровнинг айтишича, хизмат уйининг канализацияси таъминланиб, томи ёпилган. Шунингдек у хизмат уйларида яшаган етакчилар коммунал тўловларни ўзларининг ҳисобидан тўлашларини қўшимча қилди.
«Гулчўдаги сарой»
Бу вақтгача ҳам мана шу жонли эфирдан журналистларнинг бири Сарибашовга «Гулчўдаги саройни қайси пулга қурдингиз?» деган савол берган. Унда бу уй отасиники эканини ва ака-укалар қуришганини билдирган.
«Оилада 11 ака-укамиз. Ҳаммамиз бизнес билан шуғулланамиз. Мен ҳам 15 йилча Россияда ишлаганман. Энг кичик укам ҳозир отам билан. Уни Гулчўда хусусий бозори бор. Менинг уйим эса оддий», — деб жавоб берган у.
Сарибашов 2018 йилнинг июлида Ўш шаҳрига мер бўлиб сайланган. 2008 йили у Олай туман кенгашининг депутати, тўрт йилдан кейин Олай тумани ҳокими бўлиб, 2015 йилдан бошлаб шаҳар раҳбарлигига келгунча Ўш вилоятини бошқарган.
6 октябрда Ўш шаҳридаги марказий майдонда бўлган тартибсизликда митингчилар мэрдан хизматни топширишини талаб қилган. Ўш шаҳар кенгашининг депутатлари ҳам Сарибашовни ишдан четлатишни таклиф қилишган. Кўп ўтмай унинг иш кабинетига «Бир Бол» партиясининг депутати Дуйшўн Тўрўкулов кириб ўзини мер деб эълон қилган.
Эртаси куни 7 октябрда, Сарибашовни қўллаш митинги ўтиб, унда Тўрўкулов шаҳар раҳбари бўлмаслигини билдирган. Унинг айтишича, Сарибашовга «учинчи кучлар» томонидан провокация бўлиб, жанжал чиқмаслиги учун ўзини мер деб атаган. Кейинчалик Сарибашов ўз хизматига қайтган.