Токтогазиев: Гўштнинг қимматлашига Ўзбекистоннинг дастури билан даллоллар сабабчи

340

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат енгил саноати ва мелиорация вазири Тилек Токтогазиев норасмий маълумотлар бўйича Қирғизистондан кунига мингга яқин мол чиқарилаётганини матбуот анжуманида билдирди.

Шунингдек у расмий маълумотлар билан норасмий маълумотлар ўртасида катта фарқ борлигини қўшимча қилди.

Вазир 2019 йилнинг саккиз ойида Қирғизистондан 600дан ортиқ қора мол четга чиқарилса, бу йил 8 ойда саккиз мингдан ортиқ мол чиқарилганини айтди.

Токтогазиев тирик мол кўпинча Акси, Олабуқа туманлари ва Баткен орқали қўшни давлатларга чиқарилаётганига тўхталди. Бу ўз навбатида Қирғизистонда гўштнинг нархи кўтарилишига олиб келаётганини билдирди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигидаги контрабандани олдини олиш бўйича вазирликнинг махсус WhatsApp ва Telegram рақамлари ишлаётганини қўшимча қилди.

Вазир ўз сўзида қўшни Ўзбекистон чорвачилигини қўллаш учун махсус дастур ишлаб чиқиб, фермерларга ёрдам бераётгани сабаб Қирғизистондан қора моллар кўп чиқарилаётганини таъкидлади.

«Ҳозир Ўзбекистонга бир молни олиб келса ўзбек ҳукумати томонидан бир миллион сўм берилади, бу ўртача 100 доллар. Ҳозир бизникиларни ўртачилар ҳам йўлдан уриб, улар ишлашмоқда. Шу сабаб бутун фермерлар қизиқиб сотишмоқда», — деди у.

Бундай кўриниш Қирғизистоннинг ички бозорида хом ашё етишмовчилигига олиб келиб, гўшт қимматлашига шароит яратади.

Шу сабаб вазирлик Қирғизистондан тирик молни олиб чиқишга чеклов киритган эди. Бироқ гўшт сотиш тақиқланмаган.

Ўтган йили гўштнинг улгуржи баҳоси 260-270 сом бўлса, ҳозир 380-400 сомгача чиққанига тўхталган вазир 12 минг сом маош олганлар учун 1-2 кг гўшт олиш «роскош» бўлаётганини билдирди.

“Қирғизистонда озиқ-овқатларга гўшт кўп ишлатилади. Шу сабаб гўшт тармоғига имтиёз берилади. Шу билан бирга гўштнинг қимматлашида олиб-сотарлар ҳам роль ўйнади. Улар «нарх кўтарилади» дейвериб ҳақиқатдан ҳам кўтарилди”, — деди у.

Токтогазиев халқни арзон озиқ-овқат билан таъминлаш учун ҳар якшанба куни ўлканинг барча ҳудудларида ярмаркалар уюштирилаётганини қўшимча қилди. Бу ярмаркага йирик ишлаб чиқарувчилар, импортерлар ва деҳқон, фермерлар қатнашиб, маҳсулотларини даллолларсиз халққа сотишаётганига тўхталди.

Сўнгги икки ҳафтада Қирғизистонда озиқ-овқатнинг нархи кескин кўтарилгани сезилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлиб, аҳолининг заиф қатламлари учун гўшт ва ўсимлик ёғи сотиб олиш қийинлигини таъкидлашмоқда. Бундан ташқари, кундалик эҳтиёж товарларининг нархи ҳам кўтарилган. Сотувчилар бу ҳолатни чегаралар очилмаётгани ва давлат ичида муҳтожлик кўп бўлаётгани билан тушунтиришди.