Ўш давлат университетига ўқув юртининг собиқ ректори ва собиқ таълим вазири марҳум Канибек Исаковнинг номини бериш таклиф қилинди. Бу ташаббусни парламент депутати Жанар Акаев Жогорку Кенешнинг 3- декабрдаги йиғинида кўтарди.
«Кўпчилик депутатлар Исаковнинг ЎшДУ учун қилган ишларига гувоҳ бўлишган ва унга миннатдорчиликлар айтилган. Ўқув юртига кўплаган чет давлатларидан талабалар билим олишга келиб, ЎшДУ илмий фаолият маркази бўлиб қолган. Исаковнинг ўқув юртига қўшган ҳиссасини ҳисобга олиб, унинг номини бериш керак», — деди Акаев.
Профессор, филология фанлари номзоди Канибек Исаков 12 ноябрда 51 ёшида пневмонияга чалиниб вафот этди. Унинг жасади туғилиб ўсган Новқат туманининг Қизил-Тейит қишлоғига дафн қилинди.
Исаков 2019 йилнинг сентябрида Фан ва таълим вазири этиб тайинланган эди. Ҳукумат алмашгандан кейин президент вазифасини ўша вақтда бажарган ва премьер-министр бўлган Садир Жапаров Исаковни ишдан 14 октябрда бўшатган. У Ўш давлат университетининг ректори бўлган. ЎшДУни у саккиз йил бошқарган ва «Йил ректори» номини олган.