Бишкек шаҳар мэри вазифасини бажарувчи Балбак Тулўбаев 1 декабрдаги матбуот анжуманида ёнгандан кейин бўш турган Бош прокуратуранинг биносини муниципалитет ходимларига ўтказиб бериш масаласини муҳокама қилмоқда. Унинг айтишича, бино 10 йилдан бери бўш бўлиб, мэриянинг ходимлари эса тор кабинетларда қисилиб ишлашмоқда.
«Бизнинг ходимлар, Бишкек шаҳар кенгашининг фракциялари шаҳарнинг турли бурчида, тор жойларда, қисилиб ишлашмоқда. […] Келиб бизни ертўлаларни кўриб кетсангиз бўлади, қанча одам ишлаётганини», — деб таъкидлади у.
Тулўбаев мэрия ходимлари учун ишлаб чиқилган янги бино лойиҳасига маъқул эмас. Режа бўйича бино ҳозирги мэрия ҳудудига қурилади.
«Нима кераги бор? Иморат бор. Ҳозир мутахассислар бинони бузиш керакми ёки таъмирлаб фойдаланса бўладими йўқми аниқлашмоқда. Бу ерга Бишкек шаҳар кенгаши, бизни ходимларни киритамиз. Улар айни вақтда ўтирган бинони сотиб ёки ижарага берсак бўлади. Бу йўл билан пулни икки-уч йилда ўрнига қўямиз», — деди Тулўбаев.
Унинг айтишича, лойиҳага маблағ ажратилган ва муниципалитет мутахассислари бинони сурдириш ёки таъмирлаш масаласини ҳал қилиши керак.
«Уч-тўрт ой ичида мэрия аввалги бош прокуратуранинг биносини бузиб қайта қуришга ёки таъмирлашга танлов эълон қилади. 2022 йилнинг баҳор ойларида мэриянинг ходимлари янги иш жойида иш бошлашади», — деди у.
Бу вақтгача мериядан бўш турган Бош прокуратуранинг куйиб кетган биноси ўрнига гулбоғ қурилишини билдиришган. Тулўбаевнинг айтишича, бу мумкин эмас, сабаби бу ер гулзор учун тўғри келмайди.
«Фамилияларини айтмайин, айримлар меҳмонхона, офис қуришни истаган. Баъзилар гулзор қурайлик дейишган, бироқ гулзор қилиш мумкин эмас. Чунки майдон кичкина», — деб таъкидлади мер вазифасини бажарувчи.
Бош прокуратура биносининг тарихи
Бош прокуратуранинг Бишкек шаҳри марказидаги, Орозбеков ва Киев кўчаларининг кесилишида жойлашган биноси 2010 йилдаги апрель воқеаларида ёниб кетган. Бош назорат органи бу воқеадан кейин собиқ президент Аскар Акаевнинг кутубхонасига кўчган. Куйиб кетган бинони реклама баннерлари билан ёпиб қўйишган.
2013 йили куйиб кетган бинони бузишга қарор қилишган. Кўп ўтмай шаҳар ҳукумати бу фикрдан қайтиб, бинони безатишга танлов эълон қилган. Мазкур танловда мармар қопланган офис ёки савдо марказини қуриш ғоясини олиб чиққан архитекторлар ғолиб бўлган.
Шундан сўнг мэрия яна фикридан қайтди: 2017 йили ёниб кетган бинони таъмирлашга 120 миллион сомлик тендер эълон қилинган. Таъмирланган бинога Бишкек шаҳар кенгаши ёки мэриянинг ўзи кўчиб келиши режалаштирилган.
Бироқ танлов бўлмаган. Капитал қурилиш бошқармасининг раҳбари тендерга қатнашишга ариза юборган фирмаларнинг ҳаммасини ҳужжатлари нотўғри эканини айтган. Ўша вақтдаги шаҳар мэри Албек Ибраимов шаҳар кенгашининг сессиясида танловда иштирок этишга ариза берган 33 фирманинг 20сини парламент ва шаҳар кенгашининг депутатларига алоқаси борлигини билдирган. Иккинчи марта ўтказилган тендер ҳам охирига етмаган.