Боткен: Олти фарзанднинг онаси милиция терговидан чиққандан бери бедарак

321

Баткен шаҳар милицияси Қизилйўл кварталининг 45 ёшдаги турғуни Аймактим Кожоновани бир ҳафтадан бери қидирмоқда. Бу ҳақда «Клооп»га Баткен ВИИБнинг матбуот котиби Дамира Юсупова билдирди.

Унинг айтишича, 20-ноябрь куни Кожонова турмуш ўртоғи билан 17 ёшдаги қизини турмушга бергани учун Баткен ШИИБга сўроқ бериб чиққан.

*Қонун бўйича никоҳ ёши ўн саккиз ёш деб белгиланган. Маҳсус комиссиянинг қарори билан никоҳ ёшини бир йилга камайтиришга рухсат олса бўлади.

«Сўроқ вақтида ҳеч қандай босим бўлмаган. Йўқолган фуқаро [Аймактим Кожонова] ҳақида ариза 23-ноябрь куни тушган. Бу иш бўйича шаҳар милиция билан биргаликда тегишли фуқаролар қидирув ишларини олиб бормоқда», — деди Юсупова.

Кожонованинг қариндошлари ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакиллигига ёрдам беришни сўраб мурожаат қилишган. Ҳукуматнинг Баткендаги вакили Жанибек Жалалов бу ишни шахсий назоратига олиб, ўлка бўйича ва қўшни Тожикистон билан Ўзбекистонда ҳам қидирув бўлаётгани ҳақида маълумотнома берилганини айтди.

«Қариндошларининг айтишича, Аймактим Кожонова оғир-босиқ, камгап, ювош аёл бўлган. Унинг яқинлари у қизи турмушга чиққани сабаб стрессда бўлган деб айтишди», — деди вакилликнинг матбуот котиби Чолпон Бердикулова.

Маълумотга кўра, Кожонованинг олти нафар фарзанди бор. Унинг турмушга чиққан қизи уч ойдан кейин 18 ёшга чиқиши кераклиги ва ўз истаги билан турмуш қургани айтилмоқда.

Муаллиф: Адахам Шаджанов