Алмазбек Атамбаевнинг Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича иши қайта кўриб чиқилади

318

Олий суд 30 ноябрда «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича ишни қайта кўриб чиқишга жўнатди. Бу вақтгача Биринчи май туман суди ва Бишкек шаҳар суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевни бу иш бўйича 11 йилга озодликдан маҳрум қилган.

«Олий суднинг коллегияси Азиз Батукаевни колониядан чиқариш бўйича ишни кўриб чиқди. Суд мажлисида биз — Алмазбек Атамбаевнинг оқловчилари олдинги суд ҳукмларини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун биринчи инстанциядаги судга жўнатишни илтимос қилдик. Бу илтимос қаноатлантирилди», — деб билдирди собиқ президентнинг оқловчиси Замир Жоошев.

Энди Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича иш Биринчи май туман судининг янги судьялари таркибида кўрилади.

Батукаевнинг иши

Ҳукумат Батукаевни ноқонуний озод қилиниши бўйича ишни 2019 йилнинг баҳор ойлари қайта тергов қила бошлаган. Криминал 2013 йили лейкоз ҳақидаги маълумотнома асосида бўшатилган. Кейин тиббий ҳужжат қалбаки экани маълум бўлган.

Батукаевнинг ишини текшириш Атамбаевни собиқ президентлик мақомидан, дахлсизлигидан ва бошқа имкониятларидан маҳрум қилиш сабабларидан бири бўлган.

ИИВ Батукаевни озод қилиниши бўйича иш асосида Атамбаевни уч марта сўроққа чақирган, бироқ собиқ президент терговга келмаган.

Натижада ҳуқуқ тартибот органлари Атамбаевни куч билан қўлга олишган. У Қўйтош қишлоғидаги уйида икки кун давом этган қаршиликлардан сўнг таслим бўлган.

Махсус операция вақтида спецназнинг бир ходими ҳалок бўлган. Атамбаев ўзи МХДҚнинг тергов қамоғида қамоқда, унга штурмдан кейин бир нечта айблар қўйилган.

Бу ишга алоқадор бўлган бошқа амалдорлар тергов билан ҳамкорлик қилиб, жарима тўлашган.