Финполнинг матбуот хизмати муассаса Давлат рўйхатга олиш хизматининг (ДРХ) собиқ раҳбари, собиқ вице-премьер-министр Тайирбек Сарпашевга нисбатан судгача текширув ишларини бошлаганини билдирди. Амалдор ноқонуний бойлик орттиришда гумон қилиниб, у яқин орада сўроққа олинади.
Молия полициясининг маълумотига кўра, Сарпашев «олий мартабадаги лавозимда ишлаганда кўплаган кўчмас ва кўчар мулкларни сотиб олиб, кейин уларни яқин қариндошлари номига рўйхатга олиб, декларацияда кўрсатмаган».
Сарпашев финпол текшираётган яна бир ишнинг фигуранти — у қочқин президент Курманбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиевга алоқадор одамларнинг мулкларини қамоқдан ноқонуний чиқаришга ёрдамлашган коррупция схемаси бўйича иш. Бу иш асосида 11 ноябрда Сарпашевнинг уйи тинтув қилинган.
Сарпашевнинг жиноий ишлари
Тайирбек Сарпашев ДРХни 2015-2017 йиллари бошқарган. У сайловда овоз бериш учун биометрик маълумотлар тизимини ишга киритишда парламент депутатларининг танқидига учраган.
Сарпашев Максим Бакиевга алоқадор одамларга тегишли мулкни қамоқдан ноқонуний чиқарган деб биринчи марта гумон қилинмаяпти.
Бундай айб Бош прокуратура томонидан 2017 йили ҳам қўйилган. Шундан сўнг прокуратура ҳукуматга Сарпашевни ишдан бўшатиш бўйича таклиф берган.
Бироқ Сарпашев ўзи унинг исмини «кимлардир ифлос схемаларида» фойдаланишаётганини айтган. Бош прокуратура Сарпашевга қарши «лавозимни суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича яна бир жиноий ишни 2017 йилнинг мартида қўзғаган.
Собиқ амалдор 2013 йили вице-премьер-министр бўлган вақтда тендерни бошқа компания ютиб олишига қарамай туғилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг 40 минг бланкини «Учкун» босмахонасидан сотиб олиш бўйича «ноқонуний» буйруқ берган деб айбланган.
Бланклар яроқсиз бўлиб чиққан: туғилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг микроматнида «Никоҳ гувоҳномаси» деган ёзув бўлган.
Бироқ, Сарпашевнинг айтишича, МХДҚ 2017 йилнинг 12 июнида жиноий асос йўқ бўлгани сабаб ишни қарашни тўхтатган.
2018 йили Сарпашев унга қарши қўзғалган жиноий ишларнинг ҳаммаси тўхтатилганини билдирган.