Собиқ президент Роза Отунбаева 20 ноябрда Фуқаровий назорат қўмитасининг йиғинида Конституциянинг янги лойиҳасига изоҳ берди. Унинг айтишича, ўлканинг асосий қонунига тузатишлар киритиш халқаро ҳуқуққа қарши бўлиб, дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмайди.
«Садир Жапаровнинг ҳукумати ўлка бюджетининг 20% халқаро донорларнинг грантларидан иборат ва ҳозирда биз бу ёрдамдан қуруқ қолишимиз мумкин эканлигини ёддан чиқармаслиги керак. Бу сумманинг ичидан 30% транспорт ва йўлларга, 25% энергетикага, 20% инфраструктурани ривожлантиришга ва 15% билим бериш билан соғлиқни сақлашга кетади. Шу совуқ ва коронавирус вақтида маблағсиз қолиш арафасидамиз», — деди Отунбаева.
Шунингдек, собиқ президент халқаро донорлар ажратган маблағ ўлкада қачон ҳукумат тармоқлари очиқ бўлиштирилса келиб тушиши кераклиги ҳақида огоҳлантирди.
«Биз шундай ёш ва қатъиятлимиз. Шундай бўлса ҳам, эртароқ тўхтаб икки томонни ўйланглар. БМТ Қирғизистонга 25 миллион доллар беришга тайёр. Бироқ қачон ҳуқуқ устуворлиги ўрнаб, ҳукумат тармоқлари аниқ бўлинганда бу масала ҳал бўлади», — деб таъкидлади Отунбаева.
Шунингдек у ўлкада сиёсий инқироз бўлаётганда парламентнинг ҳаракатлари аҳамиятли эканини эсга солди. Отунбаева бу ҳолатда парламент халқ ишончини оқламай, аксинча уларнинг умидларини сўндираётганини айтди.
«Кеча депутат Канибек Иманалиев қанча лойиҳа қолдирилганини, давлат оладиган кредитларни ололмаётганини айтди. Яна ишлайдиган парламент вақтини шундай зое кетказиб, қирғиз халқининг олдида такаббурлик қилиши ачинарли. Ақлимизни йиғишимиз керак деб ўйлайман. Биз ҳаммамиз асосий қонун — жамият билан ҳукумат ўртасидаги шартнома деб аташимиз керак», — деди Отунбаева.
Бундан ташқари собиқ президент давлатнинг асосий қонунига тузатишлар киритишини таклиф қилган давлат раҳбарлигига номзод Садир Жапаровга мурожаат қилди.
«Садир Нургожоевич жанобларини 2010 йилдаги Конституция бир одамнинг ва бир қанча гуруҳларнинг фойдасига ёзилган деган сўзига тушунмаяпман. Бизни амнезиямиз йўқ, ҳаммаси яхши билади, халқаро баҳо берилган, ўлкада биз буни биламиз. Бу умуман ҳақиқатга тўғри келмайди», — деб таъкидлади Отунбаева.
Жапаров ва Конституцияга тузатиш
17 ноябрда Жогорку Кенеш сайтида Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси аниқланган. Мазкур лойиҳанинг муаллифлари қатори 80 депутат кўрсатилган. Бу бўйича референдумни 2021 йилнинг 10 январида, президентлик сайлови билан бир кунда ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат эълон қилинган туни юристлар ва айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари таклиф қилинган ўзгаришларни кескин танқид қилишган.
Парламентнинг депутати Дастан Бекешев Конституциянинг янги лойиҳаси қабул қилинса, ўлка авторитаризм билан «Бакиев вақтига қайтиши мумкин» деб ҳисоблайди.
«Акаев, Бакиев озлик қилибди-да. Бизда улардан ўтган янги хон бўлади. Садир Жапаров тарафдорларининг ҳаммаси кейин унга қарши ҳеч нима деёлмай қолади. Турмаган қамалсанглар ёки МХДҚчиларнинг, қолаверса УКТнинг ҳам олдидан ўтиб турасизлар», — деб ҳисоблайди депутат Дастан Бекешев.
Ижтимоий тармоқларда бош қонуннинг бу лойиҳаси «Ханституция» деган ном олган.
Бироқ Конституцияга тузатишларни таклиф қилган Жапаров ўзи айтилаётган танқидларга қўшилмади.
«Умумхалқ овоз бериши билан янги Конституцияни қабул қилиш ҳуқуқини халққа қайтариб бериш у ортга чекиниш ё Акаевнинг, Бакиев вақтида қабул қилинган Конституцияларга қайтиш эмас. Аксинча, давлат тузилиши ва давлат аҳамиятидаги бошқа муҳим масалаларни ҳал қилишга қатнашиш имконини халққа қайтариб бериш қатори ҳисоблаш керак», — деб ёзган у фейсбук саҳифасида.
*Фейсбук саҳифасидаги бу билдирув Садир Жапаров номидан ёзилган. ОАВлари бу билдирувга амалдорнинг расмий фикри қатори иқтибос келтирмоқда. Бироқ мазкур саҳифа Жапаровга тегишли эканлиги бугунгача аниқ эмас. Жапаровнинг матбуот котиби — Дастан Дуйшўкеев ОАВга ижтимоий тармоқда биргина расмий аккаунти борлигини айтгани билан қайси эканини аниқ айтмаган.
Жапаров ўлканинг ва фуқароларнинг эркинлигини ривожлантириш учун Конституцияни мажбурий равишда алмаштириш керак деб ҳисоблайди.
«Шу билан бирга ўлка мустақиллигининг эгаси бўлган бутун қирғиз халқига давлат аҳамиятидаги жиддий масалаларни ҳал қилиш имкони берилган. Бироқ 2010 йили қабул қилинган Конституция бир гуруҳ одамларнинг ёки бир кишининг фойдаси учун халқнинг бу ҳуқуқларини чеклаб қўйган. Бу билан Қирғизистонни ўзи мустақил давлат қатори шаклланиб, бундан кейин ривожланишига тўсқинлик юзага келган», — деб билдирди у.
Конституциянинг лойиҳаси нимани таклиф қилади?
Лойиҳанинг ўзида аниқ бўлмаган таърифлардан фойдаланилган — масалан, «одоб-ахлоқ» каби сўзлар. Шу сабаб давлат раҳбарининг имкониятлари кенгайган. Масалан, президент чақирадиган «халқ қурултойи»ни киритиш таклиф қилинган. Қурултойнинг қарорлари «таклиф» турида бўлади — у ҳукумат аъзоларини ишдан бўшатишни таклиф қилолмайди.
Президентнинг қулида фақат қурултой бўлмайди, у министрлар кабинетини бошқариб, министрларни ва кўплаган давлат қўмиталарининг етакчиларини тайинлай олади. Давлат раҳбари икки муддат бошқариш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, у қонун лойиҳасини таклиф қила олади.
Шунингдек, таклиф қилинган тузатишларда инсон ҳуқуқларига хавф соладиган, ОАВларига босим ўтказиш ва цензура киритиш ҳолатлари борлиги аниқланган.
Масалан, янги Конституциянинг 23-моддаси қуйидагича айтилади:
Қирғизистон Республикасида бутун танилган диний қадриятларга, Қирғизистон халқининг урф-одатлари, халқаро стандартларга қарма-қарши бўлган нашрлар, уларнинг ичида электрон нашрлар, кўнгилочар ва жамоатчилик тадбирлари тақиқланади.
Мазмуни Қирғизистон халқининг маданиятига ва халқнинг иймонига зарар келтириши мумкин бўлган маълумотларни оммавий ахборот воситаларида тарқатишга қонуний тақиқ қўйилади ёки чекланади.
Шунингдек, «оммага танилган диний қадриятлар ва урф-одатлар» деб аниқ нима ҳақида айтмоқчи бўлгани ва уларни ким аниқлашини қонун лойиҳасининг ташаббусчилари аниқлашган эмас.