Собиқ президент Роза Отунбаева парламент бошқаруви тизимини қўллайди, Конституциянинг эски нусхасига қайтишнинг аҳамияти йўқ деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у 12 ноябрда «Иш кундун кечи» кўрсатувида Эркин Рискулбеков билан суҳбатда билдирди.
«Мен ҳозирги Конституцияни 2010 йили ишга туширган одам қатори парламент тизимини тутаётган одам деб очиқ айта оламан. Президентлик тизимни Америкадай қиламиз дейди. Президентлик тизим фақат Америкага тегишли тизим. Америка — бу федератив давлат, ҳар бир штатнинг ўзини Конституцияси, устави бор», — деб таъкидлади собиқ президент.
Отунбаева президент «кўп нарсани ҳал қилган», бироқ парламент ҳам «аҳамиятли» роль ўйнаган Францияни мисол келтирди.
«Фақат Европа эмас, Осиёни қарайлик — майли Япония, майли Корея, майли Малайзия, Цингапур — гуллаётганларнинг ҳаммаси парламентли давлатлар. [...] Бизни ҳозир сақлаётган бизни Конституция — қонун. Биз Конституциядан чиқмаслигимиз керак. Бутун дунё бизни кузатмоқда», — деди собиқ президент.
Кўпчилик 1993 йилги биринчи Конституцияни «энг яхши» деб, унга қайтишни исташмоқда. Бироқ Отунбаеванинг фикрича, бундай бўлиши мумкин эмас, сабаби ундан бери қанча қонунлар қабул қилиниб, Конституция бутунлай ўзгарган.
«Конституция — бу осон иш эмас, бу томонини, у томонини очадиган. Конституция — бу алоҳида катта организм бўлиб қолди, бир ғиштини олсанг ҳаммаси қулаб кетадигандай», — деб ҳисоблайди Отунбаева.
Собиқ президент 10 январда навбатсиз президентлик сайлови билан бирга референдум ўтказиш учун «вақт жуда озлигини» билдирди.
«Жараёни жуда мураккаб — камида ярим йил [керак]. Ички процедураларнинг ҳаммаси битганда у Венеция комиссиясига кетади. Венеция комиссияси — бу Конституция халқаро меъёрларга жавоб беради деб баҳо берган комиссия», — деб тушунтирди Отунбаева.
Шу билан бирга Отунбаева Жапаровнинг партиявий система Қирғизистонни «парчалади» деган фикрига қўшилмаслигини, сабаби бу давлатни ташкил топишидаги «илк қадамлар» эканини, энди «бу йўл билан бутун дунё кетаётганини» таъкидлади.
Унинг фикрича, ҳозир ҳукумат олдида бундан ҳам муҳим масала бор — бу коронавирус билан курашиш. Отунбаева «ўлкадаги асосий одам бу масалани ҳал қилишга киришиши керак», шундагина губернаторлар, шаҳар мерлари ва қишлоқ ҳукумати раҳбарлари президентни намуна деб ҳисоблайди.
«Биз Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида COVID-19 бўйича паневропа комиссиясига кирамиз. Биз ҳозир дунёдаги вазиятни таҳлил қиляпмиз. Бизда янги яхши таҳлил натижалари чиқди, махсус нодавлат ташкилоти ишлаб чиққан — бу COVID-19 оддий халқ ҳаётига қандай таъсир қилгани [ҳақида]. Бу ўша Конституцияга тенг бўлган энг аҳамиятли ҳужжат. Шунга қараб, чоралар кўришимиз керак», — деб билдирди Отунбаева.
Отунбаева ҳозирда 2010 йилдаги революциядан кейин кетган сиёсатчилар «елкасидаги чангни қоқиб ҳеч нарса бўлмагандай» яна ҳукуматга келаётганини қўшимча қилди.
Буларнинг рўйхатига Отунбаева 4 октябрдаги парламент сайловидан кейин бошланган норозиликларнинг келиб чиқишига «сабабчи» бўлган уч партиянинг — «Мекеним Қирғизистон», «Биримдик» ва «Қирғизистон»нинг вакилларини қўшди.
«Айбни ҳеч ким тан олмаяпти. Аввалгидай отган одамлар, ҳарбийлар айбдор бўлиб турмада ўтиришди. Бошқалар қайси юз билан келишади? Яна бошқарув позицияларига келишмоқда. Масалан, Бакиевнинг юристи ҳозир Конституцияни ёзяпти», — деди собиқ президент.
Унинг айтишича, ўша юрист 2007-2010 йиллари Отунбаева депутат бўлган вақтда Курманбек Бакиев касал бўлиб қоладиган бўлса, ҳукумат унинг ўғли Максимга ўтади деган қонун лойиҳасини муҳокамага қўйган.
«Энди ўн йил ўтиб, сиёсат билан жамият олдинга жилганда Конституция ёзмоқда. Ҳайрон қоляпман, қайси ақли билан ёзяпти экан», — деб сўзини якунлади Отунбаева.