Президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаров Конституциянинг янги лойиҳаси 10 кун ичида тайёр бўлишини Норин халқи билан учрашув вақтида айтди. Бу ҳақда «Азаттик» нашри билдирди.
«Халқнинг муҳокамасига қўямиз. Ўзингиз ҳал қиласиз. Ҳозир бизда парламент бошқаруви. Бу ерда президент бошқаруви деган таклиф бўлмоқда. Парламент аралаш бўлсин деяпти: ярми бир мандатли, ярми партияли. Унда қурултой институтини киритамиз. Ҳар йили бир марта барча қишлоқлардан 2-2,5 минг одам Бишкекка йиғилиб, президент ва парламентдан ҳисоб оласизлар», — деди у.
Жапаров Бош қонунни ўзгартириш кераклиги ҳақидаги масалани 6 октябрга ўтар кечаси қамоқдан тарафдорлари томонидан бўшатилганда айтган.
У ҳукуматни узурпация қилиш бўйича ўзига қўйилаётган айбларни тан олмай, ўзгаришлар очиқ киритилади деб ишонтирган. Бироқ бир кун олдин конституциявий ислоҳотга қарши навбатдаги акция ўтди. Тинчлик юришига фуқаровий фаоллар ва «Реформа» партиясининг лидери Клара Сооронкулова қатнашган.
Бундан ташқари, пиёда юришга чиққанлар парламент сайлови декабрда ўтишини ва сайлов бўсағасини 3 туширишни талаб қилишган.
Конституциявий ислоҳот
Конституцияга кўра, референдум ўтказишни парламент депутатлари, 10 минг сайловчи ёки ҳукумат таклиф қила олади. Бироқ бу ҳолда конституциявий ислоҳотни президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров таклиф қилмоқда.
Жапаровнинг «конституциявий реформа олиб бориш ғоясини халқ қўллайди» деган билдирувига қарамай, фуқаровий жамият ўлканинг бош қонунига ўзгартиришлар киритишга қарши. Юристлар депутатлар билан Жапаров конституциявий ислоҳотлар ўтказиш регламент тартибини ва инсон ҳуқуқларини бузиш орқали ўтказадиган қонун қабул қилди деб ҳисоблайди.
Уларнинг айтишича, қонун лойиҳаси «юқоридан» тушган, у жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмаган, ҳамда уч ўқишда қабул қилинган.
Қирғизистондаги сиёсий инқироз
Қирғизистонда октябрь ойининг биринчи ҳафтасидан бери сиёсий инқироз ҳукм сурмоқда. 4 октябрда парламент сайлови ўтиб, овоз беришнинг дастлабки натижаси эълон қилингандан кейин Бишкекда митинг бошланган. Сайлов натижасига рози бўлмаганлар марказий Ала-Тоо майдонига йиғилишган.
МСК эълон қилинган натижа бўйича Жогорку Кенешнинг еттинчи чақирилишига шу ҳукуматга қарашли бўлган партиялар ўтган. Улар — «Биримдик», «Мекеним Қирғизистон» ва «Қирғизистон» партиялари.
5 октябрдан олтисига ўтар кечаси митингчилар билан ҳуқуқ тартибот ходимлари ўртасида тўқнашув бўлиб, натижада Оқ уй босиб олинган. Тартибсизлик вақтида намойишга чиққанлар бир қанча қамоқдаги одамларни озод қилишган. Уларнинг орасида собиқ президент Алмазбек Атамбаев, Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимов, собиқ премьер-министр Сапар Исаков ва собиқ депутат Садир Жапаров ҳам бўлган. Жапаров 2013 йилдаги одамларни гаровга олиш иши бўйича 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган бўлган.
Жапаров қамоқдан бўшатилгандан сўнг ўзини премьер-министр деб атаган.
Олтинчи чақирилишнинг депутатлари уч марта ҳаракатдан кейин Жапаровни премьер-министрликка қабул қилган — барча овоз беришлар митинг ўтказиш, халқ вакилларини қўрқитишлар билан ўтган.
Жапаров шу куни икки томонлама келишувга кўра, Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишини айтган.
16 октябрда депутатлар Жээнбековнинг истеъфосини қабул қилиб, президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министрлик вазифасини Садир Жапаров ўз зиммасига олган. Парламент спикери Канат Исаев президент вазифасини бажаришдан бош тортган.