Ўмурбек Бабанов президентлик сайловида Садир Жапаровни қўллайдиган бўлди

293

«Республика» партиясининг собиқ лидери Ўмурбек Бабанов президентлик сайловига қатнашмаслигини билдирди. Бабанов бу қарорга президент вазифасини бажарувчи премьер-министр Садир Жапаров билан учрашгандан кейин келганини айтди.

«Кеча Садир Нургожоевич билан учрашдим. Ўлкамизни ривожлантиришга керак бўлган муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилдик. Юртимиз мустақилликни эъзозлаб, демократик асосдагина тез ривожлана олишида бир фикрда эканлигимизни кўрдим. Садир Нургожоевич олдиинги раҳбарларининг хатоларини такрорламаслигини, жиддий ўзгаришларга тайёр эканини кўрдим», — деб ёзди Бабанов.

Бундан ташқари у Жапаров билан конституциявий ислоҳат ҳақида суҳбатлашганини ҳам билдирди. Шунингдек, у президентлик сайловида Жапаровнинг номзодини қўллашини билдирди.

«Республика», «Ата Мекен», «Бир Бол» ва «Реформа» партиялари 9-октябрда Ўмурбек Бабановни премьер-министр лавозимига таклиф қилган. Шу куни Бишкекдаги марказий майдонда собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва Бабанов бошчилигидаги митинг иштирокчилари ва Садир Жапаровнинг тарафдорлари ўртасида жанжал чиқиб, натижада бир неча киши жароҳатланган.

Кейинчалик Бабанов премьер-министрлик хизматидан бош тортганини маълум қимлган.

Бу орада Жапаров президентнинг вазифасини бажариш ваколатларини 14-ноябргача ўтказиб беришини айтган.

Қирғизистонда президентлик сайлови 2021-йил 10-январда ўтади. Ҳозирча президентлик сайловига қатнашиш ниятини тўққиз номзод билдирди. Улар:

«Бутун Қирғизистон» партияси лидери Адахан Мадумаров;

Жамоат арбоби Арстанбек Абдилдаев (Арстан Алай);

«Қадимий кўчман цивилизацияси» жамғармаси раиси Кубан Чороев;

«Лига-Антикризис» жамоат бирлашмасининг раиси Назарбек Нишанов;

Собиқ депутат Бектур Асанов;

Сиёсатчи Бакит Бакетаев;

«Қирғизистон» партияси лидери, депутат Канат Исаев;

Транспорт бўйича эксперт Абдикаар Сидиков;

«Улутман» партияси номзоди Сазикбай Турдумалиев.