Собиқ ижтимоий тараққиёт вазири Улукбек Кочкоров сўроққа чақирилди

296

Бишкекдаги қариялар уйининг собиқ директори Эркингул Абдилдаева Меҳнат ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг собиқ раҳбари Улукбек Кочкоровнинг устидан Биринчи май туман ички ишлар бошқармасига ариза ёзди. Бу ҳақда Абдилдаеванинг оқловчиси Бактибек Жумашев «24.kg» нашрига билдирди.

*Эркингул Абдилдаева 2019 йилнинг охирида Бишкекдаги қариялар уйининг директорлигидан бўшатилган. Олдин Абдилдаева ўзининг ходимларини «сабабсиз ишга келмаганига» ва ижтимоий муассаса яшовчиларининг овқат порцияларини камайтириб солгани сабаб ишдан олган. Кейин ишдан бўшатилган ходимлар бу қарордан норози бўлиб, ижтимоий ривожлантириш вазирлигига шикоят қилишган. Вазирликнинг махсус комиссияси текширув олиб бориб, Абдилдаева қариялар уйида ишламаган 22 ходимнинг маошини олиб, 5,6 миллион сом зиён келтиргани аниқланган. Улукбек Кочкоров Абдилдаевани ишдан бўшатиш қарорини қабул қилган. Кейинчалик Абдилдаева бу қарорни суд орқали бекор қилган.

Оқловчи Жумашевнинг айтишича, Кочкоров «лавозимни суиистеъмол қилиб» Абдилдаевани ноқонуний бўшатган.

«[Абдилдаевани бўшатиш бўйича қарор] асоссиз эканини суднинг уч инстанциясининг қарори ҳам исботлайди. Бундан ташқари у [Кочкоров] ўз ҳаракатлари билан давлатга зарар келтирди, сабаби Абдилдаеванинг бу вақтгача олинмаган маоши ва у келтирган юридик харажатлар давлат томонидан тўланади», — деди у.

Жумашев август ойида Кочкоров устидан Бош прокуратурага ҳам ариза билан мурожаат қилган эди. Оқловчи собиқ вазир суд қарорига қарамай Эркингул Абдилдаевани Бишкекдаги қариялар уйининг директорлигига қайтармай юрганидан норози бўлган. Шунингдек, Кочкоровга нисбатан «Фирибгарлик» моддаси бўйича иш очилгани маълум қилинди.

*Бу ерда Кочкоровнинг устидан Ахлоқий кодекснинг «Суд ҳукмини, суд қарорини ёки бошқа суд актини бажармаслик» ва Жиноят кодексининг «ЛАВОЗИМНИ СУИСТEЪМОЛ ҚИЛИШ», «Фирибгарлик» моддалари бўйича судгача бўлган текширув очилгани эҳтимол. Бу ишлар Эркингул Абдилдаеванинг аризаси асосида очилган.

Улукбек Кочкоров сўроққа чақирилаётгани ҳақидаги маълумотни «Акипресс» нашрига билдирди. Собиқ вазир у « Фирибгарлик» моддаси билан очилган иш бўйича чақирилганини тахмин қилди.

«Мен яқинда терговчига бориб қайси фирибгарлик эканини аниқлайман. Мен буни очиқлайман. Менга бир марта чақирув қоғозини беришган, бироқ ҳукумат мажлиси бўлаётгани сабаб терговчига боролмадим. Ҳозир эса мени келишдан бош тортганимни айтишмоқда», — деди Кочкоров.

Шунингдек, Кочкоров бу вақтгача суд қарорини бажариб, Абдилдаевани хизматига қайтарганини айтди. Бироқ кейин Абдилдаева «бошқа хатоликлар» сабаб яна ишдан бўшатилган.

«5 млн 600 миң сомлик ўғирлик аниқланган. У [Абдилдаева] амалда ишламаган 22 ходимнинг маошини олиб юрган. У судга ариза берди — суд уни ишдан бўшатиш ноқонуний бўлган деб топди. У ишига яна қайтган. Кейинчалик Молия вазирлиги билан биргаликда унинг бошқа қонунбузарликларини аниқлаб, шу асосида яна ишдан бўшатилган. Ҳозир у судга мурожаат қилиб, биз олдинги суднинг қарорини бажармаётганимизни айтиб келмоқда. Бироқ у [иккинчи марта] бошқа фактлар бўйича ишдан олинган. Мен етакчи қатори қариялар уйига ажратилган маблағлар ўғирланишига йўл қўёлмадим», — деб тушунтирди Кочкоров.

Бишкекнинг Биринчи май ТИИБдан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Премьер-министр Садир Жапаров 27 октябрда Улукбек Кочкоровни «ўз аризаси асосида» ишдан бўшатган. Унинг ўрнига собиқ вице-премьер Аида Исмаилова таклиф қилинган, бироқ депутатлар унинг номзодини қўллаган эмас. Кейинчалик Кочкоров ишдан «ўз ихтиёри билан кетгани бўйича интернетдан билганини» айтган.