Президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаров 3-ноябрда Ўш шаҳрида халқ билан учрашув вақтида нима учун Сооронбай Жээнбековга «собиқ президент» мақоми берилганини тушунтирди.
Бу иш “ўлкада 30 йилдан бери бирорта ҳам «собиқ президент» йўқ бўлгани учун” бўлди дейди. Унинг айтишича, бу “кейин ҳам ҳукумат қонуний алмашиши учун «ирим» мақсадида бўлган”.
«Халқ президент кетсин деб, унга собиқ президент мақомини беришга ҳам қарши бўлишди. Бироқ мен ҳаммасини ўз зиммамга олиб, собиқ президент мақомини бердим. Иккитасини қувиб юбордик, бирини турмага тиқдик. Буни ҳам қувлаб юборсак ёки турмага тиқсак, бундан кейин ҳам шундай кўриниш давом этмасин деб атайлаб ирим қилдик», — деди у.
Жапаров агар бу қарорга қаршилар бўлса, «тўғри тушунади деб ўйлашини» қўшимча қилди.
Лекин Қирғизистонда собиқ президент бор — у 2010 йили ўтиш вақтида президент бўлган Роза Отунбаева. Отунбаева ўлкани бир йилга яқин бошқариб, унга мазкур мақом расмий турда берилган.
Сайловдан кейинги кўтарилишлардан сўнг Садир Жапаров премьерликка тайинланиб, собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ўз ихтиёри билан ишдан кетган.
Шундан сўнг парламент спикери Канат Исаев президент вазифасини бажариши керак эди, бироқ премьер-министрнинг тарафдорлари унинг истеъфосини талаб қилиб, давлат раҳбари вазифасини Садир Жапаров бажаришини исташган. Натижада Исаев президент вазифасини бажаришдан бош тортиб, унинг ваколатлари автоматик равишда Садир Жапаровга ўтган.
Кейин Жапаров Сооронбай Жээнбековга «собиқ президент» мақомини берган.