Жапаров чегара хизмати ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини бирлаштирмоқчи

313

Президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаров 2-ноябрда Баткен вилоятига иш сафари билан бориб, маҳаллий яшовчилар билан учрашди. Учрашув икки минг ўринли стадионда ўтиб, унга юзлаган яшовчилар келган.

Жапаров чегара масаласига тўхталиб, мазкур масалани ҳал қилиш Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси зиммасига юкланишини билдирди. Унинг айтишича, давлат чегара хизматини МХДҚга ўтказиш бўйича масала муҳокама қилинмоқда.

«Чегара масалалари албатта ҳал қилиниши керак. Мазкур муаммо бўйича барча маълумотларни олдим. Уни ҳал қилиш учун имкони борича ҳаракат қиламан. Вақтдан фойдаланиб, губернаторга топшириқ: чегара ҳудудларини ривожлантириш бўйича давлат дастурида белгиланган ижтимоий объектлар сўзсиз битирилсин», — деди Жапаров.

Ҳозирда МХДҚни «Мекенчил» партиясининг лидери Камчибек Ташиев бошқаради — у бу лавозимга 16 октябрда тайинланган.

Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг чегарасининг узунлиги 1378 чақиримни ташкил қилади — унинг 85% аниқланган. Ҳозирда аниқланмаган 10% бўйича музокара бораётгани маълум қилинди.

Қирғизистон билан Тожикистоннинг чегараси 970 чақиримни ташкил қилади. Бугунги кунда унинг 504 километри аниқланиб, қолган аниқланмаган ҳудудларда икки давлат фуқаролари ўртасида тез-тез келишмовчиликлар бўлади. Можаро сабаб яшовчилар турли тан жароҳати олиб, бир нечта қирғизистонлик чегарачилар ҳалок бўлган.