Бишкекнинг икки туманига қурилиш фирмасининг раҳбари ва спорт клубининг мудири ҳоким бўлди

260

Бишкек мэриясининг матбуот хизмати Биринчи май туманига Максат Нусувалиев, Октябрь туманига Константин Куценко ҳоким этиб тайинланганини билдирди.

Биринчи май тумани ҳокими Максат Нусувалиев ва Октябрь тумани ҳокими Константин Куценко

Аввал Биринчи май ва Октябрь туманларини Алибек Биримкулов ва Азамат Дороев бошқариб келган.

Константин Куценко Қирғизистоннинг ММА ва панкратион профессионал лигасининг етакчиси ва Фитнес федерациясининг вице-президенти экани маълум.

Шунингдек, Юстиция вазирлигининг реестридаги маълумот бўйича, Куценко уч компаниянинг етакчиси этиб кўрсатилган — «Жолборс Тим» спорт клуби, юридик хизмат кўрсатувчи «Констант компани» ва «Злата Кей Джи» жамоатчилик ташкилоти.

Максат Нусувалиев олдин Ишга жойлашиш бўйича Бишкек бошқармаси раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Бундан ташқари, Юстиция вазирлиги реестрида Нусувалиев «Оомат сервис» қурилиш компаниясининг директори қатори кўрсатилган.

Хизматга тайинлаш бўйича буйруққа Бишкек мэри вазифасини бажарувчи Балбак Тулўбаев қўл қўйди. Бу унинг биринчи кадр алмаштириши эмас. У ўзининг дастлабки иш кунида Бишкекнинг икки вице-мэрини — Виктория Мозгачева ва Алимбек Абдилдаевни ишдан бўшатган.

Вице-мэрлар ишдан кетгандан кейин мэрия биноси олдида Мозгачева билан Абдилдаевни ўз ўрнига қайтишини талаб қилган митинг бўлган. Уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга мэрнинг маслаҳатчиси Гуля Алмамбетова қўшилган. Кўп ўтмай Алмамбетованинг ўзи ҳам ишдан четлатилган.

Бишкекнинг собиқ мэри Азиз Суракматов 20-октябрда истеъфога кетган. У кетиши олдидан биринчи вице-мэрлик хизматига собиқ мэр Нариман Тулеевни тайинлаган — у мэр вазифасини бажариши керак эди. Бироқ Тулеевни лавозимга тайинланишига норози бўлганлар мэриянинг олдида йиғилишгандан кейин у ҳам истеъфога кетган.