Қирғизистонда аёллар ўзларини оилавий зўравонликдан ҳимоялаш учун икки балодан бирини танлашга мажбур.
Қирғизистондаги аёллар, агар улар ўзларига ҳужум қилган турмуш ўртоғига зарар етказса ёки ўлдириб қўйса, тергов ва суд томонидан деярлик қўллаб-қувватланиш имкониятига эга эмас. Сўнгги 5 йил ичида суд судланувчининг ёнини олган биргина ҳолат бўлган, аммо шунда ҳам кейинчалик суд фикрини ўзгартирган.
Биз суд актларининг маълумот базасидаги турмуш ўртоғига нисбатан зўравонлик қилгани учун судланган аёлларнинг воқеаларини ўрганиш орқали шундай хулосага келдик. Уларнинг ярми ўзини ҳимоя қилганига қарамай колонияга жўнатилганлар.
Қисқача:
- Агарда аёл ўзини ҳужумдан ҳимоя қилиш жараёнида шеригини ўлдирса ёки жароҳатласа, у катта эҳтимол билан колонияга юборилади.
- Терговчилар учун ўзини мудофаа қилиш ҳолатини жиноят сифатида таснифлаш фойдали, бу уларнинг фаолиятини баҳолашда ижобий таъсир кўрсатади.
- Жазо олган аёлларнинг ярми турмуш ўртоғи ёки ҳамхонаси томонидан доимий зўравонликка дучор бўлаётганидан шикоят қилган.
- Умумий олганда асосан эркаклар қўл билан ҳужум қилади, аёллар эса пичоқ билан ўзини ҳимоя қилади, аммо судьялар улар орасидаги жисмоний фарқни ҳисобга олмайдилар ва ҳамла ҳамда ҳужумнинг мутаносиблиги принципига риоя қилишади.
12 йиллик биргаликда кечган турмуш ичида Наргиз * ва унинг эри бир неча бор жанжаллашган, аммо бу жиддий ҳолатларга сабаб бўлмаган. Апрель оқшомларидан бирида эса, у болаларини боғчадан олиб келганда бари ўзгарди. Ишдан аллақачон маст ҳолда қайтган эр ошхонада ичишни давом эттираётган эди.
* барча қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилди
Наргиза эрига аҳамият бермади ва уй ишларини қила бошлади. Сўнг қизи билан дарс қилди, эрини ухлашга ётқизди, кейин болаларига пижамаларини кийинтиргач, идиш ювишга кетди.
У сувни очишга улгурмасдан, қўшни хонада қандайдир чулдираган товушни эшитди. Текшириш учун борганида уйқусираган эри ҳожатхонага етиб боролмай болаларнинг буюмлари устига сувини тўқаётганини кўради.
Бу нима қилганинг, ташқарига чиқмайсанми деб айтгани замон, эри ортга бурилиб Наргизани уриб юборган.
Наргиза қочиб, ошхонага киради, лекин эри уни қувиб кириб, мушт билан бошига уриб, жим бўл деб бақиради. Ғазабланган эри қаршисидаги кичкина ошхонада қисилиб қолган Наргиза қўлига дуч келган биринчи нарсани ушлади - бу ошхона пичоғи эди. У жанжал чиқмаслиги учун эрининг ёнидан ўтиб кетишга бир неча бор уриниб кўрди, аммо бу имкони бўлмади. Ошхона стуллари орқасига яшириниш ҳам фойда бермади.
Яна бир марта, эри унга ташланганда, Наргиза унга пичоқ билан ҳамла қилди, охирги сонияда у нима қилганини тушунганда эса - эрининг қорнидан қон оқа бошлаган. Аёл милиция ва тез ёрдам чақирган. Тез ёрдам келиб, эрини касалхонага олиб кетган.
Бир неча ой ўтгач, уларнинг иши судда кўриб чиқилди ва суд Наргизанинг ҳаракатларини зарурий мудофаа деб ҳисоблаш мумкин деган хулосага келди - улар аёл ўзини ҳимоя қилиш учун эрига зарар етказишга мажбур бўлган деган қарорга келишди. Кейинчалик суд уни оқлади.
Бу воқеа шу билан тугаши мумкин эди. Бироқ, прокуратура эри даъводан воз кечганига қарамай, Наргизанинг оқланишига қарши шикоят қилди. Кейинги суд унга шартли турда 5 йиллик жазо муддати берди.
Аёлни ҳимоя қилган адвокат ҳукмни «адолатсиз» деб ҳисоблаган. Ҳукм чиндан ҳам қаттиқ бўлиши мумкин, аммо сўнгги 5 йил ичида бу аёлларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатларида «Зарурий мудофаа» моддаси қўлланилган деярли ягона иш бўлган.
Биз минглаб суд ишларини текширдик ва турмуш ўртоғини ўлдирган ёки жароҳат етказган 37 аёлни топдик. Уларнинг қарийб ярми ҳужумдан ўзини ҳимоя қилганига қарамай, барибир жазога тортилган.
Биз қандай ҳисобладик
Суд ҳужжатларини таҳлил қилиб чиққандан кейинги хулоса: агар аёл ўзини ҳужумдан ҳимоя қилса ва натижада турмуш ўртоғини ўлдирса ёки майиб қилиб қўйча, суд буни ўзини ҳимоя қилиш деб ҳисобламайди. Фақат биргина унинг неча йилга қамалиш масаласигина қолади.
Қандай ҳолат «Зарурий мудофаа» деб ҳисобланади? Агар инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид туғилса ва у хавфлилик даражасини холисона баҳолай олмаса, бу ҳолда, қонун ўзини ҳимоя қилиш имконини беради. Бундай вазиятда тажовузкорга зарар етказиш ёки ҳатто уни ўлдириш ҳам жиноят деб ҳисобланмайди. Шу билан бирга, суднинг ўзи таҳдидни, шунингдек, ҳимоя ҳамда ҳужумнинг мутаносиблигини баҳолайди.
Адвокатлар келган фикрга кўра, Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва суд тизимлари терговчилар, прокурорлар ва судьялар учун оқлов ҳукмининг чиқарилиши фойда келтирмайдиган тарзда ишлайди.
«Бу халқаро ташкилотлар ва ҳисоботлар учунгина мавжуд бўлган ўлик модда. Ушбу модда юқори лавозимли амалдорларга ва уларнинг ўғилларига нисбатан қўлланилиши мумкин. Оддий фуқаролар учун, айниқса аёллар учун бу ҳеч қачон кўриб чиқилмайди», - дейди исмини ошкор қилинишини истамаган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича адвокат.
Жабрланувчи томонидан даъволарнинг рад этилиши яна бир енгиллаштирувчи ҳолат бўлиши мумкин - аммо 2015 йилдан буён бундай ҳолат фақат бир марта бўлган.
Жабрланувчининг ўз даъволаридан воз кечиши ва суднинг ишни давом эттирмаслик бўйича қарор қабул қилиши, аёл учун яна бир нажот бўлиши мумкин - аммо 2015 йилдан бери бундай иш ҳам фақат бир марта бўлган.
Агар жабрланувчи ўз даъволарини қайтариб олса ва суд ишни давом эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилса, аёл судланмай қолиши мумкин. Бироқ, 2015 йилдан бери фақат битта шундай ҳолат бўлган.
Судланган аёлларнинг ҳукмларидан олинган иқтибослар
Яна бир омил – доимий оилавий зўравонлик. Судда, бу судланувчининг ўзини ҳимоя қилишда ёки зўравонлик таҳдиди остида ҳаракат қилганини тасдиқловчи ҳимоя аргументи бўлиши мумкин. Бироқ, бу Қирғизистонда деярли ҳеч қандай роль ўйнамайди.
Уйдаги зўравонлик мамлакат учун катта бир муаммо, одатда тажовузкорлар жавобгарликка тортилмайди. Биз бу ҳақда «Ҳамманинг кўз ўнгида» мақоламизда ёзганмиз.
Биз таҳлил қилган ҳужжатлардан аён бўлишича, одатда аёлларга ҳужум қилиниб, ҳушдан кетгунча калтаклаб ва ўлим билан таҳдид қилинган. 37 аёлдан 17 нафари - деярли ҳар иккитадан бири - тажовузкорга қарши ўзини ҳимоя қилган. Суд буларнинг барини ўзини ҳимоя қилиш деб ҳисобламаган.
Шу билан бирга, саккиз нафар аёл турмуш ўртоғини ўлдириш ёки майиб қилмасдан олдин мунтазам зўравонликдан шикоят қилган.
Алина - улардан бири. Унинг эри Максим билан ҳаёти исталгандек бўлмади. Эр-хотин кўпинча бирга ичар ва кейин жанжал чиқар, жанжаллар жисмоний куч қўлланиш билан тугарди. Кўп йиллик жанжаллардан бири фожеа билан тугади. Бир куни эрталаб, улар икки шиша ароқни бирга ичишгач, Максим диванга ётди. Алина эрига қўшилмоқчи бўлганида, эри унга бир шиша лимонад шишасини улоқтирди ва унинг юзига мушт билан уриб, кейин пичоқни олиб, унга таҳдид қила бошлади.
Алина эрини қандай ўлдирганини эслай олмайди. Фақатгина қўлида пичоқ ушлаган эр ва унинг диванда ётганию, қон оқаётгани хотирасида мухрланиб қолган холос.
Судда Алина пушаймон эканини, шунингдек, эри уни доимо калтаклаб келганини айтди. Буни уларнинг умумий ўғли тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, отаси тез-тез тажовузкор бўлган - у жуда кўп ичган, онасига пичоқ билан ташланган, шунинг учун улар кўпинча тунни ҳаммомда ёки ҳовлида ўтказишган.
Суд Алинада эрини ўлдириш мақсади бўлмагани ҳақидаги далилларни ҳисобга олмади. Суднинг фикрига кўра, бир эмас, икки марта ҳаётий органларга пичоқ билан зарба бериш қасддан одам ўлдиришни билдиради.
Суд Алинани аёллар учун ахлоқ тузатиш колониясида саккиз йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилди.
Аёллар учун «Суд адолати»
Тизим эркаклар ва аёллар ўртасидаги жисмоний фарқни инобатга олмайди.
Аёлларнинг ўзини мудофаа қилиш ҳолатида, қўлига пичоқ олган бўлса, бу терговчилар ва суд томонидан олдиндан режалаштирилган ҳаракат сифатида малакаланиб келган.
Ўзини ҳимоя қилиш ҳолати бўлган барча ҳолларда, аёллар ҳақиқатан ҳам қандайдир қурол ёрдамида ўзини ҳимоя қилишган - деярли барча вазиятда бу ошхона пичоғи бўлган. Эркаклар асосан қўллари билан ҳужум қилишган, жабрланувчини калтаклаган ва бўққан.
Тадқиқотларимиз кўрсатишича, аёллар деярли ҳеч қачон жанжални бошлашмаган. Ҳукмда жанжал қўзғатувчининг кимлиги аниқ бўлмаган, фақат бир истисно мавжуд эди.
Бундан ташқари, аёллар кўпроқ турмуш ўртоғига зарар етказгандан кейин уни қутқаришга ҳаракат қилган. Айбланувчиларнинг аксарияти ўзлари милиция ва тез ёрдамга қўнғироқ қилишган ёки меҳмонлар ва қариндошлардан қўнғироқ қилишни илтимос қилган.
«Қўл кўтардими — далилларни қайд эт»
Судьялар аёлларнинг ўзлари калтакланганлигини исботлашларини талаб қилади - бунинг учун улар турмуш ўртоғи томонидан жабр кўрганини исботловчи тиббий маълумотнома ва милиция кўрсатмаларини тўплаши керак бўлади.
«Суд ҳужжатларга асосланган органдир. Бу ерда «Мана у мени урди» дейиш етарли эмас, чунки бизда атайлаб туҳмат қилиш ҳолатлари мавжуд. Суд фақат ҳужжатларга ишонгани боис [...] жабрланувчи бундай якунни кутмаслиги керак эди. Қўл кўтардими, демак қайд эт», - деди ўзини махфий қолишини истаган собиқ судья ва Қирғизистон судья аёллар ассоциацияси аъзоси.
Судья айбсизлигини исботлашлари учун давлат аёлларга барча шароитларни яратиб беради, деб ҳисоблайди. Аёллар давлат адвокатларини тайинлашлари мумкин, экспертиза ва қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш имконияти мавжуд.
Аммо Динаранинг иши шуни кўрсатадики, ҳатто энг муҳим далил ҳисобланувчи экспертизалар ҳам аёлга нисбатан суднинг марҳаматини кафолатлай олмайди.
Динара эри билан оилавий дўконда жанжаллашди. Маст аҳволдаги эри Адилет сотувчи аёлларни товарларни ўғирлашда айблаб, ййиғлатди ва Динара уларни эрининг ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун уйига кетказганида, эри у билан жанжаллаша бошлаган.
Адилет хотинининг қўлига пул тушиб, кўпроқ пул ишлай бошлагандан сўнг итоат қилмай қўйганидан ғазабланиб келади.
Можаролар авж олиб, Адилет хотини уриб, қулоғини эшитмайдиган қилиб қўйди ва кейин уни бўғишни бошлаган.
Эр-хотин бир-бирини ўлим билан таҳдид қилишди. У эрига « бир зарба билан ўлдираман» деб бақирди ва бунга жавобан «тепаликка кўмилишини» эшитди. Ғазабга минган Динара уни дўконда сотилаётган пичоқ билан урди. Адилет ўша ерда вафот этди.
Қотилликдан бир-икки соат олдин у ичиб, хотинини унга қўшилишга мажбур қилган. Адилет жинсий қувватга таъсир этувчи «Сиагра» дориларини ичган ҳолда дискларда порнография томоша қилиб, кўнгил очган. Бундан таъсирланиб, хотинини «видеода бўлгани каби» ҳаракатларга мажбур қила бошлади.
Кўплаган текширувлардан сўнг, экспертлар Динара хўрланган, таҳқирланган ва ўзини умуман бошқара олмайдиган ҳолатда бўлганига юз фоиз ишонч билдиришган. Эри уни узоқ вақт таҳқирлаган. Аёлнинг танасида кўкаришлар ва мия чайқалиши ҳам бўлган.
Руҳшунослар унинг турмуш ўртоғини мунтазам равишда оилавий зўравонликдан келиб чиққан аффект ҳолатида ўлдирганлигини тасдиқлашди.
Қотилликдан икки йил ўтгач, Динара яна бир экспертизадан ўтди. У аввалгидек эмоционал ҳолатда эди - айни қўрқув, қайғу, йиғи - деди суд мажлисидаги биринчи экспертизада қатнашган шифокор.
Ҳатто суд Динарани эрининг «ноқонуний ва ахлоқсиз хатти-ҳаракатлари» га жавобан жиноят содир этган деб ҳисоблаган. Бу иш бўйича етарлича текширувлар мавжуд бўлиб туюлади ва Динара оқланиб, уйига қайтиши керак эди.
Бироқ, у уч йил давомида «кучли руҳий ғулғула ҳолатида қотиллик» моддаси билан колонияга борди.
Умуман олганда, Қирғизистон суд тизими Совет Иттифоқидан мерос бўлиб қолган, бу усулда судьялар судланувчиларни айбдор деб билишади.
Аввалроқ «Клооп»нинг журналистлари аниқлаган маълумотларга кўра, биринчи инстанция судлари 96 фоиз иш бўйича суд ҳукмини чиқарган ва кейинги инстанция судьялари ҳукмни кучда қолдирган.
Терговчилар учун KPI
Судланувчиларнинг колонияга жўнатиш имкониятлари озодликда қолишидан кўра кўпроқ бўлишининг яна бир сабаби бор - терговчилар жиноятчиликни очиш статистикасини ошириши керак. Жиноят очилган ҳисобланади ва у бўйича материаллар судга топширилгандан сўнг статистик маълумотларга қўшилади.
Терговчида танлов бор: ишни прокуратурага юбориш ёки уни тўхтатиш. Агар гап ўзини ҳимоя қилиш ҳақида кетаётган бўлса, у жиноят таркиби йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилиши ёки содир бўлган воқеаларни зарурий ҳимоя сифатида белгилаши мумкин. Бундан ташқари, унинг қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.
Тергов органларининг фаолияти асосан очилган иш даражасининг статистикаси билан баҳоланади. Масалан, ходимларни лавозимининг кўтарилиши ҳам ушбу кўрсаткичга боғлиқ.
Статистикани таъқиб қилиш милиция ходимларининг ўтган йилги кўрсаткичлари билан қиёслашига ва уларни камайтирмасликка ҳаракат қилишига олиб келади. Уларнинг ўзлари ҳам, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам ушбу ёндашувни танқид қилмоқдалар. Бундай тизимнинг оқибатлари айбларни қийноқлар ва босим остида тан олдиришдир, дея изоҳланади «Ички ишлар органлари фаолиятини баҳолаш тизими» тадқиқотида. .
2010 йилдан бери милиция вазиятни ўзгартиришга ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, участка инспекторлари учун ўша йилги кўрсатмаларга биноан милиция фаолияти, жумладан, сўровномалар ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги мақолалар орқали баҳоланди.
Аммо милиция ходимларининг айтишича, бу катта роль ўйнаган эмас, фақат бу раҳбарият фикрини яхшилаши мумкин холос. Уларнинг сўзларига кўра, айтилмаган бир қоида мавжуд эди, ҳатто участка ходими ҳам ойига камида битта жиноятни очиши керак, акс ҳолда у ёмон ишлагани учун жазоланади.
Аммо 2015 йилга келиб янги ҳужжат пайдо бўлди, унда оғир жиноятларни очиш мезонининг аҳамияти - фуқаролик жамияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг айрим ходимлари доимо қарши бўлиб келган, деб тушунтиради «Ислоҳот ва натижа учун» ҳаракати аъзоси ва тадқиқот муаллифларидан бири Тимур Шайхутдинов.
Шунинг учун терговчилар оғир ва муҳим оғир жиноятларни енгиллаштирувчи ҳолатларсиз квалификация қилишдан ҳамда ўзини ҳимоя қилишни қотиллик деб билишдан манфаатдор.
«Милициядаги баҳолаш тизими шаклан қанчалик ўзгартирилмасин, унинг асоси исталмаган тақдирда ҳам ўзгармай қолади. Ва очилган жиноятлар сони ва қоидабузарликлар тўғрисидаги баённомалар асосидир. [...] Муаммо шундаки, тизим бўйсунувчилардан статистикадан ташқари айнан нима талаб қилишини тушунмайди», - дейди Шайхутдинов.
Унга кўра, депутатлар ҳам фуқароларнинг ишонч даражаси ёки бошқа муҳим масалаларга эътибор қаратиш ўрнига вазирдан жиноятчиликни аниқлаш бўйича статистик маълумотларни сўраш орқали эски ёндашувни сақлаб қолишда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Ҳозирги пайтда нима қилиш мумкин?
«Зарурий мудофаа» моддаси малакасига мувофиқ қўлланилиши учун адлия тизимини тузатиш зарур.
«Очиқ линия» раҳбари Мунара Бекназарова Қирғизистонда адлия тизими устидан «назоратни кучайтириш» ва нотўғри қарорларни қоралаш керак, деб ҳисоблайди.
*Очиқ линия (таҳр. — русча «Открытая линия») —Қирғизистондаги қизлар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича етакчи ташкилотдир. Жамғарма қизларни ўғирлаш учун жазоларни кучайтириш тўғрисидаги қонунчиликни муваффақиятли қабул қилди ва оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунларни ҳам қўллаб-қувватлади.
Улардан бири - ҳуқуқий прецедентлар яратиш ва уларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш. Журналистлар очиқ йиғинларида иштирок этишлари ва озодликда қолиш учун курашаётган аёлларнинг ҳикоялари ҳақида хабар беришлари мумкин.
Очиқлик пировардида судьяларнинг ишга масъулият билан ёндашишига ва ҳукм чиқаришдан аввал кўпроқ далиллар талаб қилишига олиб келади.
Шунингдек, судьялар ва терговчилар бундай жиноятларга қарши курашиш бўйича сўзсиз қўлланмалар ишлаб чиқишлари керак.
Бундай қўлланмаларнинг пунктларидан бири икки мутахассиснинг фикрига кўра ҳам оиладаги зўравонлик тарихини батафсил текшириш бўлиши зарур. Бунинг учун амбулатория экспертизалар эмас, балки стационар экспертизаларни ўтказиш керак. Иккинчиси психиатрия шифохоналарида давомийлиги ва тўлиқ ёндашуви билан ажралиб туради, аммо амалда унчалик машҳур эмас.
Бизнинг аниқлашимизча, аёлларнинг деярли ярмининг иши малакасиз ва адолатсиз квалификацияланган. Бу давлат даражасида муҳокама қилиниши керак ва бизнинг таҳлилимиз натижалари Омбудсманнинг йиллик ҳисоботига киритилиши керак.
Бизнинг материалимиз қаҳрамонлари турмуш ўртоқларининг ҳужумларидан ўзларини ҳимоя қилганликлари оқибатида жиноятларни содир этишган. Агар судлар буни ўзини ҳимоя қилиш деб билсалар, бу аёллар ҳозир озодликда бўларди.
Уларнинг ҳукми суд қарорларига нисбатан апелляция ва шикоятлар бериш орқали ўзгартирилиши мумкин. Бироқ, бунинг учун маҳбус аёлларнинг ўзларининг ташаббуси ёки уларнинг қариндошлари ҳамда вакилларининг иштироки талаб этилади.
Материал устида ишлаганлар:
Муаллиф: Евгения Михайлиди
Контрибьютор: Эльдияр Бакиров
Ҳуқуқий экспертиза: Фатима Якупбаева
Дастурчи: Алексей Гуляев
Иллюстрация: Алина Печенкина
Верстка: Азиза Раимбердиева
Муҳаррирлар: Азиза Раимбердиева, Анастасия Валеева,
Анна Капушенко, Эльдияр Арыкбаев
Ментор: Андрей Газин
Таржимон: Даврон Насибханов
Мазкур мақола ҚРдаги USAIDнинг қўллови ва Жаҳон банки, DFID ҳамда IDEM билан ҳамкорликда амалга оширилган «Қирғизистондаги Интерньюс»нинг «Медиа-К» лойиҳасининг маълумот-журналистика бўйича дастурнинг стипендиачилари тарафидан тайёрланди. Дастур ментори Анастасия Валеева. Материалдаги фикрлар ҳамда хулосалар «Интерньюс» ва унинг ҳамкорларининг фикрини англатмайди.