«Прецедент» ҳамкорлик гуруҳининг юристи Бекболот Касаболотов 26 октябрда ўтган юристларнинг матбуот йиғинида ҳозирги вазиятда Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартириш киритиш ноқонуний эканини тушунтириб берди.
Қонунга кўра, (5-модда), Марказий сайлов комиссиясининг 12 аъзосига номзодларни президент, парламент кўпчилиги ва парламент мухолифати таклиф қилади — уларнинг ҳар бирига тўрттадан номзод тўғри келади. Кейинчалик МСКнинг таркиби Жогорку Кенеш томонидан беш йилга сайланади.
Эслатиб ўтсак, ҳозирги МСКнинг биринчи мажлиси 2016 йилнинг июнь ойида ўтган. Унда комиссия аъзолари Нуржан Шайлдабековани янги раиса қилиб сайлаган. Қонунга мувофиқ, МСКнинг ваколатлари 2021 йилнинг июнь ойида тугаши керак.
Юрист Касаболотов МСКнинг иши Жогорку Кенеш тарқалиб кетса ҳам, президентнинг ваколатлари тўхтатилса ҳам давом этади деб таъкидлади. Шунингдек, Касаболотов президент вазифасини бажарувчи премьер-министр Садир Жапаров МСКнинг тўрт аъзосини чақиртириб олиш ҳақидаги таклифи қонунга тўғри келмайди деди.
“Қирғизистон Республикаси қонунларида бундай тушунча йўқ. «МСК аъзоларини хизматдан четлатиш» деган тушунча бор. Сайлов комиссиялари ҳақидаги қонунда МСКнинг аъзоларини муддатидан олдин бўшатиш асосларининг тўлиқ рўйхати бор — уларнинг орасида «МСК аъзоларини президентнинг ташаббуси билан чақиртириб олиш» деган гап йўқ”, — деди Касаболотов.
Қонунга кўра (15-модда), МСК аъзосини муддатидан олдин ишдан бўшатиш масаласини Жогорку Кенеш қуйидаги ҳолатларда қараб чиқиши керак:
- ўз аризаси асосида;
- бошқа давлатнинг фуқаролигини олган вақтда;
- доимий яшаш учун Қирғизистондан четга чиқиб кетганда;
- суд томонидан жиноятда айбдор деб топилганда;
- суд томонидан ҳаракатсиз, ҳаракат қилишга имкони чекланган, вафот этган ёки уни бедарак йўқолган деб хулоса чиқарилган вақтда;
- вафот этганда;
- мажбуриятлар ва топшириқларни доим бажармаганда (МСКнинг таклифи бўйича).
*Бу вақтгача парламент раиси Канат Исаев Жапаров Жогорку Кенешга МСК президентнинг квотаси билан сайланган тўрт аъзосини чақиртириб олиш ҳақида хат юборганини маълум қилган. Президент квотаси билан МСКга сайланганлар орасида Нуржан Шайлдабекова ҳам бор — у комиссиянинг раисаси.
«Президентни муддатидан аввал сайлаш ва қайта парламент сайлови ўтказиш вақтида МСКнинг таркибига ўзгартириш киритиш — бу МСКга босим ўтказиш деб ҳисоблаймиз. Президент вазифасини бажарувчининг таклифи билан МСКнинг таркибини ўзгартириб бўлмайди деган фикрдамиз», — деди Касаболотов.
Парламент ва президент сайлови
Марказий сайлов комиссияси 4 октябрда ўтган парламент сайловининг натижасини бекор қилган. Бунга сайлов натижасидан норози бўлганларнинг митинги бўлиб, натижада Бишкекда оммавий тартибсизликлар юз берди. Сиёсий инқироз бир неча кун давом этиб, шундан сўнг Қирғизистонда ҳукумат алмашиб, президент, премьер-министр хизматдан кетган.
МСК 21 октябрда янги парламент сайловини 20 декабрга тайинлаган. Эртаси куни Жогорку Кенешнинг депутатлари олдин конституциявий ислоҳот ўтказиш учун референдум, кейинчалик парламент сайловини ўтказиш қонун лойиҳасини қабул қилишди. Кўп ўтмай Садир Жапаров бу қонунга қўл қўйган.
Ҳозирда сайлов муддати номаълум — у 4 ойдан 6 ойгача муддатда ўтиши керак. Кейинчалик «Актив» ва Демократия ҳамда фуқаролик жамияти коалицияси сайловни жилдиришга норози бўлиб, судга мурожаат қилишган. Бироқ Биринчи май туман суди Жогорку Кенеш ва Жапаровнинг позициясини қўллади. МСК мазкур қарор бўйича Олий судга шикоят қилмоқчи.
Президентлик сайлови 2021 йилнинг 10 январига тайинланди. Президент вазифасини бажарувчи премьер-министр Садир Жапаров сайловда қатнашиш учун декабрнинг бошида хизматни топширишини билдирди.