Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев билдиришича, Атамбаев МХДҚнинг тергов қамоғидан Бишкекнинг ТИЗО-1га ўтказилиб, бу ердаги шароитлар сабаб очлик эълон қилди.
Жоошевнинг айтишича, Атамбаевни олдин ўлим жазосига ҳукм қилинган жиноятчилар ушланган ертўлага жойлаштиришди.
«Бу камерага бугун иссиқлик берилди. У ерда канализация ишламайди, эшиклари доим очиқ. Алмазбек Атамбаев очлик эълон қилди», — деди Жоошев.
Собиқ президентнинг бошқа адвокати Сергей Слесарьёв билдиришича, унга тиббий ёрдам кўрсатиш учун уни оқловчилар №47 колонияга ўтказишни сўрашган, «бироқ нимагадир ТИЗО-1га ўтказишди».
Атамбаевни қўлга олиниши
МХДҚ ходимлари Атамбаев билан унинг икки тан соқчисини 10 октябрда қўлга олишган. Ўша вақтда парламентнинг амалдаги депутатлари «Ала Арча» давлат резиденциясида Садир Жапаров номзодини премьер-министрлик хизматига қабул қилишган.
«Бишкек шаҳрида оммавий тартибсизликлар уюштириш факти бўйича жиноий иш асосида Атамбаев, Сагимбаев ва Мусакеев қўлга олинди», — деб маълум қилишган қўмитадан.
Бироқ аввалги президентнинг адвокати Замир Жоошев 12 октябрда Атамбаевни ноқонуний ушлашганини айтган — Биринчи май туман судининг қарори бўйича Қўйтош воқеаси бўйича ишнинг барча фигурантлари уй қамоғига чиқарилганини билдирган.
Атамбаев билан унинг тан соқчиларидан ташқари «Бүутун Қирғизистон»нинг номзоди ва ИИМ раҳбарининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳам қўлга олинган. Ўтган йили собиқ президентнинг резиденциясини қамал қилиш вақтида Асанов уни таслим бўлишга кўндирган эди.
Атамбаевнинг тарафдори Фарид Ниязов ҳам ушланган. Ниязов, Курсан Асанов, Атамбаевнинг тан соқчиси Канат Сагимбаев ва «Социал-демократлар»нинг номзоди Темирлан Султанбековга 9 октябрда оммавий тартибсизликларни уюштириш бўйича айб қўйилган. Уларнинг ҳаммаси 10 октябрда ушланган. Кейин Султанбеков уй қамоғига чиқарилиб, қолганлари МХДҚнинг ТИЗО-1да ва ТИЗОда сақланмоқда.
Шундан сўнг Бош прокуратура Атамбаев билан унинг сафдошлари 5 октябрда қамоқдан ноқонуний чиқишганини ва ҳуқуқ тартибот органлари ходимларини қўрқитишганини билдирган.
Бош прокуратура 5 октябрда ўзбилармонлик билан озодликка чиқиб кетганларнинг қолганларини қайтиб келишини сўраб, акс ҳолда «қатъий чоралар» кўрилишини айтган.
Атамбаев эркинликда 5 кун бўлган — унинг тарафдорлари Бишкекдаги митинглар ва оммавий тартибсизликлар вақтида собиқ президентни 6 октябрга ўтар кечаси тергов қамоғидан бўшатишган.
Бу вақт оралиғида у мухолифат митингига қатнашишга улгурган. Мазкур митингга собиқ депутат Садир Жапаровнинг тарафдорлари келиб, икки митингнинг тўқнашувида номаълум киши Атамбаевнинг автомашинасига тўрт марта ўқ отган.
Собиқ президент 2019 йилнинг августидан бери қамоқда ўтиради. Ўша вақтда Атамбаев криминал Батукаевни ноқонуний озод қилиниши бўйича сўроқларга келмагани учун куч тизимлари уни резиденциясини қамал қилиб, қўлга олишган. Штурм вақтида бир спецназ ҳалок бўлиб, ўнлаган одамлар жабрланган.
Батукаевнинг иши бўйича Атамбаевни мулкини мусодара қилиш билан 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукми чиқарилган. Қўйтош воқеаси бўйича иш ҳамон тергов қилинмоқда. Бу ишда собиқ президент ҳукуматни босиб олишда айбланмоқда.