29-0. Хабиб Нурмагомедов спорт фаолиятини якунлади

343
Хабиб Нурмагомедов. Сурат: UFC уюшмаси

Россиялик спортчи, Ultimate Fighting Championship (UFC) ташкилотининг енгил вазн бўйича чемпиони Хабиб Нурмагомедов спортдаги карьерасини якунлади. Нурмагомедов бу ҳақда 25 октябрда ўтган UFC 254 турнирида маълум қилди.

Нурмагомедов UFC 254 вақтинчалик чемпиони Жастин Гейджи билан жанг қилиб, уни иккинчи раундда «уч бурчак бўғиш» усули билан енгди.

 

«UFC менга қўнғироқ қилиб, Жастин [Гейджи билан учрашув] бўйича савол берганда мен онам билан уч кун суҳбатлашдим. У отам йўқ бу жангга боришимни истамади. Мен унга «бу менинг охирги жангим бўлади» деб сўз бердим. [...] Ота-онангиз бўлса уларнинг ёнида бўлинглар — бўлди. Менда фақат онам қолди, мен унга кўпроқ вақт ажратмоқчиман», — деди Нурмагомедов.

Бундан ташқари, Нурмагомедов UFC раҳбариятига мурожаат қилиб, «pound for pound» — бошқача айтганда оғирлик категориясига алоқадор бўлмаган спортчилар рейтингида биринчи ўринни беришни сўради. Ҳозирда бу рейтинг бошида Жон Жонс номли боксчи туради, Нурмагомедов — иккинчи.

Спортчининг отаси, спортчи ва мураббий Алдулманап Нурмагомедов жорий йилнинг 3 июлида 57 ёшида икки томонлама зотилжам сабаб вафот этган. Абдулманап Нурмагомедов ўғлини болалигидан шуғуллантириб келган.

Хабиб Нурмагомедов UFC ташкилотига 16-0 рекорди билан 2012 йили келган. Бу вақтгача у ҳарбий самбо бўйича икки марта жаҳон чемпиони ҳам бўлган.

Нурмагомедов 2018 йилнинг 7 апрелида Эл Яквинта билан учрашув ўтказиб, UFCнинг енгил вазн тоифасида чемпионлик камарини қўлга киритган. Кейинчалик у чемпионлик мақомини Конор Макгрегор, Дастин Пуаре ва Жастин Гейджидан ҳимоя қилган. Нурмагомедов UFCда умумий 13 ғалабани қўлга киритиб, умумий карьерасида 29 жанг ўтказган ва барчасида ғолиб бўлган — бундай кўрсаткич олдин бўлмаган.