Ўшда ЭлТРнинг ходимлари янги тайинланган етакчига қарши чиқишди

40

ЭлТР давлат телерадиокомпаниясини Ўш филиалининг айрим ходимлари янги раҳбарга «қарши чиқиб», бошқа «нейтрал» етакчи тайинлашни сўрашмоқда.

Ўнга яқин ходим 23 октябрда телеканал биноси олдида норозилик акциясини ўтказишди.

“Жапаровнинг «ишлай олмаётганларни алмаштирамиз» деган гапи бор эди. Ҳозир бундай бўлмади, текис алмаштириш бўлмоқда. Ўз жамоасини олиб келиш бўляпти. Биз бунга қаршимиз. Бизнинг аввалги бош директорни қайтариб берсин ёки бошқа нейтрални кишини қўйсин”, — деди ходимлардан бири.

«Ишлагиси келмаса ушлаб турмаймиз»

Бу вақтгача телерадиокомпаниянинг Бишкекдаги ходимлари ҳам янги тайинланган Шаиста Шатмановага қарши чиқишган. Улар бошқа раҳбар тайинлашни талаб қилиб, агар бу шарт бажарилмаса 300га яқин одам иш ташлашини билдиришган.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Шатманованинг «ишлагиси келмаса ушлаб турмаймиз» деб айтилган видеоси тарқалган. Телеканалнинг ходимлари бундай билдирувни «ҳурматсизлик» деб ҳисоблашади.

“Келмай туриб, «ёқса ишла, ёқмаса ишлама» дегани жамоасига ҳурматсизлик. Энди очиқ қувғин бошланди. Биз бунга йўл қўймаймиз. Бу етакчини ҳеч ким қабул қилмади. Жамоанинг ҳаммаси қарши бўлмоқда”, — деди телеканалнинг Ўшдаги филиалининг кадрлар бўлими раҳбари Жанил Токоева.

Шатманованинг ўзи унга «бутун жамоа қарши» деган фикрни рад этди. Унинг айтишича, телеканалда «уни қўллаймиз» деганлар ҳам бор, бироқ норози томон «умумлаштириб» айтмоқда.

«Ўшдаги жамоа билан бориб танишмадим. Масофадан ишлаяпмиз. Буюрса бориб танишиб, яқиндан суҳбатлашамиз. Энди бир-биримизни тушуниб, жамоа билан тил топишиб кетамиз деган мақсаддамиз», — деди Шатманова.

Шатманова бу вақтгача Super.kg порталининг бош муҳаррири бўлган. Уни 19 октябрда ЭлТР телерадиокомпаниясига раҳбар қилиб президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаров тайинлаган.