Парламент сайлови конституция ислоҳотидан кейин тайинланади. Жапаров тегишли қарорга қўл қўйди

317

Жогорку Кенешнинг еттинчи чақирилишини сайлаш куни 2021-йилнинг 1-июнигача аниқланади. Унга қадар конституциявий ислоҳот олиб борилади. Бунга йўл берувчи қонунга президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров қўл қўйди.

Жапаров имзолаган конституциявий қонун президентни ва депутатларни сайлаш ҳақидаги қонуннинг кучини тўхтатиб туради.

Конституциявий ислоҳот сайловгача ўлканинг бош қонунига навбатдаги тузатишлар киритилиб, референдум ўтказилади деган маънони англатади.

Жапаров сайловни ортга жилдирилишини «вазиятни барқарорлаштириш ва халқнинг сайлов жараёнига бўлган ишончини ошириш» мақсадида қабул қилинган қарор деб тушунтирмоқда.

Бир кун олдин сайловни ортга жилдириш ва референдум ўтказишни парламент депутатлари маъқуллашган. Депутатлар муддатидан олдинги президент сайловининг кунини белгилаш ва сайлов қонунларига ўзгартириш киритиш учун йиғилган эди. Бироқ 10 депутат сайловларни баҳорга қолдириб, референдум орқали парламент ёки президентлик бошқарувини аниқлаб олиш бўйича қонун лойиҳасини таклиф қилишган.