Бош прокуратуранинг матбуот хизмати билдиришича, Бош прокуратура ва МХДҚнинг муассасалараро тергов гуруҳи собиқ президент Алмазбек Атамбаевни, собиқ депутат ва олдинги вице-премьер-министр Аскарбек Шадиевнинг жиноий иши бўйича тергов амалларини тугатди. Иш судга ўтказилди.
Тергов маълумотига кўра, Атамбаев, Шадиев ва бошқа шахсларнинг жиноий ҳаракатлари натижасида давлатга йирик миқдорда зиён келтирилган.
Атамбаев ва Шадиев давлатга 13 млрд 694 млн 673 минг 937 сом миқдорида зиён келтирган ноқонуний даромадларни қонунийлаштиришга, ноқонуний бойлик орттиришда ва порахўрликда айбланмоқда.
Атамбаевга қўйилган биринчи айб Бишкек ИEМни модернизация қилишга боғлиқ. Олдинги президент Хитойнинг ТВEА компанияси олиб борган ИEМни янгилаш ишлари учун ёлланма компанияни ёлғиз ўзи танлаган деб айтилмоқда.
Тергов ИEМни янгилашда давлатга 5 млрд 439 млн 527 минг 482 сом зарар келтирган деб маълум қилган.
Иккинчиси бўйича Атамбаев 225 млн сом суммасига даромадларни қонунийлаштиришга, 323 млн 704 минг 287 сом суммага турли компаниялардан улушларни ва бошқа моддий нарсалар, кўчмас ва кўчар мулкларни сотиб олиш орқали ноқонуний бойлик орттиришда айбланмоқда.
Коррупция бўйича учинчи айблов Тераксой конини ишлатиш учун ноқонуний лицензия беришга боғлиқ. Собиқ давлат раҳбари билан биргаликда мазкур иш бўйича Геология ва минерал ресурслар давлат агентлигининг собиқ директори Дуйшўнбек Зилалиев ва муассасанинг статс-котиби Шерикул Султанов айбланган.
Тергов уларни коррупция ва 7 минг 231 тонна сурма, 265 кг олтин, 4 минг 246 кг кумуш — умумий баҳоси 8 млрд 255 млн 146 минг 455 сом миқдоридаги кон бойликларини ноқонуний ўзлаштирган деб айбламоқда.
Бош прокуратура хабар қилишича, ҳозирда тергов органлари Атамбаевни ва унинг яқин одамларини давлат ичида ва ташқарисида жиноий йўл билан топган бошқа активларини топиш ва аниқлаш бўйича чора кўрмоқда.
Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг оқловчилари бу иш судга ноқонуний ўтказилган деб ҳисоблашади. Унинг адвокатларидан бири Замир Жоошев билдиришича, уч жиноий иш бўйича собиқ президентга қўйилган айб 140 томдан иборат.
«Бизни ишнинг материаллари билан таништирмасдан терговчилар уни судга ўтказишди. Биз қонунда кўрсатилганидай материаллар билан танишиб, тегишли протоколни имзолашимиз учун судда ишни тергов органига қайтарилиши ҳақидаги масалани кўтарамиз», — деди Жоошев.
Атамбаев криминал Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилинишидаги коррупция бўйича ҳам айбдор деб топилиб, мол-мулкини мусодара қилиш билан бирга 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳозирда у ТИЗО-1да ва Қўйтошдаги штурмга боғлиқ айбловлар бўйича ҳукм чиқишини кутмоқда.
Алмазбек Атамбаевнинг Қўйтошдаги уйига куч тизимлари бостириб киришган. Уларга собиқ президентнинг тарафдорлари қаршилик кўрсатишган. Мазкур воқеадан сўнг Атамбаевга Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг «Одам ўлдириш», «Инсон ҳаётига хавф солиш», «Гаровга олиш», «Оммавий тартибсизлик», «Бебошлик», «Ҳукумат вакилига таҳдид қилиш ва зўравонлик кўрсатиш» моддалари билан иш қўзғалган.