Президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди

375

Давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков 15-октябрда қирғизистонликларга мурожаат қилиб, хизматдан кетиш қарорини қабул қилганини билдирди. У қарорини  «Қирғизистон тарихида қон тўкиб кетган, ўз фуқароларига қарши ўқ отган президент қатори қолишни истамайман» деб  изоҳлади.

Бишкекда премьер-министр Садир Жапаровнинг тарафдорлари ва айрим сиёсий партиялар бир неча кундан бери Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишмоқда. Ҳозирда улар давлат қароргоҳининг ёнида тўпланаётгани хабар қилинди. Бу орада қароргоҳнинг олдида куч органларининг ходимлари ҳам тўпланмоқда.

«Охирги вазият икки томонлама тўқнашувга яқинлаб қолди. Бир томонда митингга чиққанлар, бир томонда куч органлари турибди. Икки томон тўқнашса қон тўкилади. Давлат резиденциясини ҳимоя қилиш учун ҳарбий ходимлар, куч органлари қуролдан фойдаланишга мажбур. Икки томонни ҳам провокацияга йўл қўймасликка чақираман», — деди президент.

Шунингдек, Жээнбеков «ҳукуматга ёпишиб олмаганини, ўлкадаги тинчлик ва фуқароларнинг соғлиги қимматлигини» билдирди. Бундан ташқари у Жапаровни ҳукумат раҳбари лавозимига тайинлаб, ҳукуматни вакилларини тасдиқласа ҳам Бишкекда жамоат-сиёсий вазият кескинлигича қолганини таъкидлади.

«Бироқ агрессия ҳамон тўхтамай, мени истеъфога кетишимни талаб қилишмоқда. Шу сабаб истеъфога чиқиш қарорини қабул қилдим. Энди Жапаровни ва бошқа сиёсатчиларни ўз тарафдорларини тинч йўл билан тарқатишга чақираман. Халқнинг тинчлигига, ўлканинг бутунлигига хавф солманг. Яратган худойим ўзи қўллаб, юртимизда тинчлик ва омонлик бўлсин!» — деб мурожаатини тугатди Жээнбеков.

Жээнбеков Қирғизистон президенти бўлиб уч йил олдин мана шу куни сайланган.

Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилган митинглар

Бу вақтгача Жээнбеков ҳукуматни маъқуллаб, ўлкани ҳуқуқий майдонга олиб келгандан кейин ишдан кетишга тайёрлигини билдирган. Президентнинг матбуот котиби Толгонай Стамалиева давлат раҳбари парламент сайловини ўтказиб, президент сайлови белгилангандан кейин кетишини маълум қилган.

Шунга қарамай амалдаги премьер-министр Садир Жапаровнинг тарафдорлари ва айрим сиёсий партиянинг вакиллари 14 октябрда Бишкекдаги эски майдонга йиғилиб, Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишган. Жапаров уларга чиқиб, тарқалишини айтишига қарамай, айримлар президент резиденцияси томон юрган.

5 октябрда бир неча кунга чўзилган митинг бошланган. Намойишчилар парламент сайлови қонунбузарликлар билан ўтганини билдириб, натижани бекор қилишни талаб қилишган. 6 октябрга ўтар кечаси Оқ уйни босиб олиб, у ердаги техника, жиҳозлар яроқсиз ҳолга келган. Қолаверса ёнғин ҳам чиққан.

Шу куни айрим сиёсатчилар ҳам тарафдорлари томонидан озод қилинган. Уларнинг орасида Садир Жапаров ҳам бўлган. Бош прокуратура шу куни ахлоқ тузатиш муассасаларини ташлаб кетганларни қайтиб келишини талаб қилмоқда. Бироқ Жапаров 6 октябрда Олий судга мурожаат қилиб, натижада унинг иши қайта терговга жўнатилган.

Митинг парламент сайловининг натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган. МСК президентнинг таклифи билан натижани бекор қилган. МСК 6 ноябргача янги сайлов муддатини белгилаши керак.

Сооронбай Жээнбеков

Сооронбай Жээнбеков 2017 йили 15 октябрда ўтган президентлик сайловида ғолиб бўлиб, давлат раҳбари бўлган. Ўша йили 24 ноябрда расмий турда хизматга киришган.

Жеэнбеков Сооронбай Шарипович 1958 йилнинг 16 ноябрида Ўш вилоятининг Қорақулжа туманидаги Қорақулжа қишлоғида туғилган.

Жээнбеков икки мутахассисликка эга. 1983 йили К.П. Скрябин номидаги Қирғиз қишлоқ хўжалиги институтини зооинженер мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2003 йили Қирғиз аграр университетининг иқтисод факультетини ҳисобчилик мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Иш фаолиятини 1976 йили Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги Ленин номидаги ўрта мактабида рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб бошлаган. Жогорку Кенешнинг уч чақирилишида депутат бўлган. 1995 йили Жогорку Кенешнинг I чақирилишига, 2000-2005 йиллари Жогорку Кенешнинг II чақирилишига ва 2005-2007 йиллари – парламентнинг III чақирилишига депутат бўлган.

2007 йилнинг апрелидан октябрь ойигача 8 ой Қишлоқ сув хўжалиги ва қайта ишлаш енгил саноати министри лавозимида ишлаган. Бундан ташқари бир қанча давлат хизматларида ишлаб, 2016-2017 йиллари премьер-министр бўлган. Шундан сўнг 2020 йилнинг 15 октябригача Қирғизистон президенти бўлган.