Бишкек шаҳар суди «Социал Демократлар» партиясининг аъзоси Темирлан Султанбековни уй қамоғига чиқарди. Бу ҳақда унинг адвокати Чинара Жакипбаева билдирди.
Икки кун олдин Биринчи май туман суди Бишкекда «оммавий тартибсизликларни уюштиришда» гумон қилинган Султанбековни икки ойга ТИЗО-1га қамаш қарорини чиқарган. Унда адвокат туман судининг қароридан шикоят қилишини айтган.
Султанбеков 10 октябрда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг Қўйтошдаги уйида қўлга олиниб, Бишкек ШИИБининг вақтинча сақлаш жойига киритилган. Кўп ўтмай у «Матраимовларники каби қийноқлар билан қўрқитишаётганини» айтиб, очлик эълон қилган.
Шунингдек, у «ҳеч қандай айби йўқлигини» айтиб, ўзини «ҳақиқатни айтгани учун қамашди» деб ҳисоблаган. Жамоатчиликда резонанс яратиб, бир қанча сиёсатчилар, фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Султанбековни бўшатишни талаб қилишган.
Кўпчилик уни «яхши, ёш кадр» қатори баҳолаб, ҳукуматнинг ҳаракатидан норози бўлишган.
Энди ҳукумат раҳбари этиб тайинланган Садир Жапаров 14 октябрда жамоатчиликнинг Султанбековни озод қилиш талаби бўйича фикрини билдирган. Унинг айтишича, «жамоат хавфсизлигига хавфли бўлмаган сиёсий оппонентларни жиноий жавобгарликликка тортиб бўлмайди».
«Биз қуришга интилаётган ҳуқуқий давлатга тергов амаллари бораётган жамоат ва сиёсий арбобларни қамашни уй қамоғига алмаштирса бўлади деб ҳисоблайман», — деган у.
Султанбеков 22 ёшли сиёсатчи. У сайлов олди дебатларда фаол бўлиб, ўзининг оппонентларига бир қанча «ноқулай саволлар» берган. Айниқса, у Матраимовларнинг партияси бўлган «Мекеним Қирғизистон»ни «ўғриларнинг партияси» деб атаб, ҳукуматнинг «Биримдик» ва президент Сооронбай Жээнбековни кескин танқид қилган.