Марказий сайлов комиссияси «Ата Мекен» партиясининг лидери Ўмурбек Текебаевнинг мандатини қайтариш бўйича масалани қарай олмади. МСКнинг аъзоси Атир Абдрахматованинг айтишича, бунга 13 октябрда кворум йиғилмай қолгани сабаб бўлган.
Олдинроқ комиссия унга олтинчи чақирилишда бўш ўрин йўқ бўлгани учун мандатини қайтариб беришдан бош тортган. Кўп ўтмай унинг партиядоши Садиқ Шер-Нияз Текебаевнинг парламентга келиши учун мандатидан бош тортишга тайёрлигини билдирган. У МСКнинг раисаси Нуржан Шайлдабекованинг номига ариза ёзиб, мандатини партия лидерининг фойдаси учун бекор қилишни илтимос қилган.
Олий суд олдинги инстанциянинг ҳукмини бекор қилгандан кейин Текебаевда Жогорку Кенешга қайти ҳуқуқи яралган. Ҳозирда унинг иши қайта кўриб чиқишга жўнатилган. Сиёсатчига нисбатан айблов ҳукми чиққунга қадар унда парламентда ишлаш ҳуқуқи бор.
Текебаевнинг иши
Муҳолифатнинг «Ата Мекен» партияси лидери 2016 йилдан бери собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан тортишиб келган. Аввал партия Атамбаевнинг конституциявий реформасини қўлламаган.
Шундан сўнг Текебаев президентни Қўйтошда ноқонуний ер олган ва яширин даромад олиб турган деб айблаган. Партиянинг юристлари Дача-Су қишлоғига қулаган «Боинг-747» самолётига Атамбаевнинг алоқаси борлигини билдиришган.
Мухолифат кейинги қадами билан 2017 йилнинг баҳор ойларида Атамбаевга импичмент эълон қилиниши керак эди. Бироқ 2017 йилнинг февралида Текебаев, уларнинг орасида партиядоши Дуйшўнкул Чотонов қамоққа олинган.
Сиёсатчилар 2010 йили «Мегаком» алоқа операторини бошқаришга имкон бериш учун россиялик тадбиркор Леонид Маевскийдан 1 млн доллар пора олган деб айбланган.
Текебаев билан Чотонов 2017 йили коррупция ва таҳдид бўйича айбдор деб топилган. Текебаевга боғлиқ «Сентябрь» телеканали «экстремистик материалларни» намойиш қилган деб ёпилган. МСК ҳукм чиққандан кейин Текебаевнинг мандатини муддатидан олдин қайтариб олган.
2019 йилнинг ёз ойларида Олий суд Текебаевнинг ҳукмини бекор қилиб, қайта кўриб чиқишга юборган. Ўша вақтда МСК раисасининг ўринбосари Абдижапар Бекматов, Текебаев оқланганда ҳам мандати қайтарилмаслигини айтган. У бундай билдирувни Қирғизистонда мазкур ҳаракатга йўл бериш қонун базаси йўқлиги билан тушунтирган.
Бекматовнинг айтишича, Текебаев олтинчи чақирилишнинг мандатини қайтариб ололмайди, бироқ 2020 йилдаги парламент сайловига қатнашиш ҳуқуқи бор. «Ата Мекен»нинг лидери «ёшларга йўл бериш» учун сайловга қатнашишдан бош тортган. Бироқ у тартибсизлик ва сиёсий инқироз сабаб парламентга қайтишга қарор қилган.