Бакиров: Жапаровни тайинлаш ва ҳукуматни маъқуллаш ҳақидаги қарорга қўл қўйишга ҳеч ким мажбурлаган эмас

393

Жогорку Кенешнинг вице-спикери Мирлан Бакиров билдиришича, уни ҳукумат таркиби билан дастурини маъқуллашга ва Садир Жапаровни премьер-министрликка тайинлаш ҳақидаги қарорни имзолашга ҳеч ким мажбурланган эмас.

«Қабул қилинган қарорларни қайта ишлаб чиқиб, юридик томонини бутун бўлим, экспертиза бўлими кўриб чиқиб, имзо қўйиб келгандан сўнг шу мажлисни олиб бораётган раиснинг имзосини қўйиш менинг вазифам бўлди», — деди Бакиров «Азаттык»қа берган интервьюсида.

У бугунги кунда президент ва Жогорку Кенеш легитимли эканини белгилаб, янги парламент сайловини ўтказиб, ҳукумат раҳбарини сайлагунча Сооронбай Жээнбеков ўз ўрнида қолиши керак деб билдирди. Шунингдек, ҳозирги министрлар кабинетининг вақтинча таркиби президент фармони чиқиб, парламентда қасамёд қилгандан кейингина тўлақонли ишлай бошлайди.

«Мекеним Қирғизистон» партиясининг лидери ва вице-спикер Мирлан Бакиров 10 октябрда, парламент йиғинида ҳукумат дастурини ва таркибини қабул қилиш ҳақидаги қарорини имзолаган.

Кейин яна бир вице-спикер Аида Касималиева фейсбук саҳифасида «вице-спикер Мирлан Бакировни қўл қўйишга мажбурлашса ҳам ҳеч нарса ўзгарган йўқ. Ноқонуний нарса ноқонунийлигича қолади» деб ёзган.

 

Энди президент Сооронбай Жээнбеков парламентнинг қарорига қўл қўйиб ёки уни қайта тўлиқлаб ишлаб чиқиш учун парламентга қарши фикр жўната олади.

«Президент уч кун ичида премьер-министрни ва бошқа ҳукумат аъзоларини тайинлаш ҳақида фармон чиқаради. Агар президент мазкур муддат ичида премьер-министрни ва ҳукумат аъзоларини тайинлаш ҳақида қарор чиқармаса, улар тайинланган бўлиб ҳисобланаверади», — деб айтилади Конституциянинг 84-моддаси 5-бўлимида.

Амалдаги депутатларнинг бир қисми 10 октябрда «Ала-Арча» давлат резиденциясида ўтган депутатларнинг навбатдан ташқари йиғинида Жапаровнинг номзодини қўллаган. Шунингдек, Жапаров таклиф қилган ҳукуматнинг таркиби ва дастури бир овоздан қўллов топган.

Аниқроғи, премьер-министриликка номзод унда «вақт жуда оз бўлганини» айтиб, янги ҳеч нарса таклиф қилмаган. Лекин у ҳукумат таркибига «ёшларни кўпроқ киритишни» ваъда қилган.

Жапаров ҳукумат раҳбари хизматига маъқулланмаган, бироқ ҳукуматнинг матбуот хизмати маълумотларида уни премьер-министр деб ёза бошлаган. Бугун Жапаров ҳукумат раҳбарининг вазифасини бажарувчи қатори биринчи мажлисини ўтказиб, ички ишлар министрининг вазифасини бажарувчи қилиб Улан Ниязбековни таништирди.

«Кворум бўлмаган»

Жапаровнинг ҳукумат раҳбарлигига тайинланишига ҳаммаси маъқул эмас. Бир нечта депутат Жапаровнинг номзоди кўрсатилган парламентнинг давлат резиденциядаги йиғинида кворум бўлмаганини, депутатлар етарли миқдорда йиғилмаганини билдиришган. Бундан ташқари, мазкур йиғинда парламентнинг янги сайланган спикери Миктибек Абдилдаев ваколатларидан бош тортган.

Шу сабаб депутатлар Аида Касималиева, Наталя Никитенко, Дастан Бекешев ва Канат Исаев ўша вақтда парламент қабул қилган қарорларни легитимсиз деб ҳисоблашади. Халқ вакиллари, регламент бўйича Жапаровнинг номзодини олдин комитетларда, фракцияларда ва кўпчилик коалицияда муҳокама қилиниши керак дейишмоқда.

Бундан ташқари, Никитенко ва Касималиева шу куни депутатларга босим бўлганини айтишган. Вице-спикер Касималиева уни «Мекеним Қирғизистон»нинг номзоди Урмат Самаев қўрқитганини ёзган. Самаев эса бу айбларни «ёлғон» деган.

12 октябрда парламентнинг матбуот хизмати 10 октябрдаги резиденцияда ўтган мажлисга қатнашган, шунингдек ишончнома берган депутатларнинг рўйхатини эълон қилган. Унда йиғинга 51 депутат ўзи келиб, 10 киши ишончнома юборгани маълум бўлган.

Садир Жапаров овоз беришдан кейин матбуот анжуманида хизматга расмий турда киришганини билдирган.