Ўшнинг мэри: «Садир Жапаровнинг мурожаатини эшитиб яна хизматга келдим»

355

Ўш шаҳар мэр Таалайбек Сарибашов журналистларга 9 октябрда интервью бериб, унинг хизматга яна қайтишига Садир Жапаровнинг мурожаати сабаб бўлганини айтди.

«Халқнинг хавфсизлиги учун кабинетимни бўшатдим. Ҳар бир фуқаронинг ҳаёти учун шу қадамга бордим. Акс ҳолда провокаторлар буни бошқа томонга буриб юбориши мумкин. Эртаси куни Жогорку Кенеш томонидан сайланган премьер-министр Садир Жапаровнинг мурожаатини эшитиб, кейин халқ чақирганда хизматга келдим», — деди Сарибашов.

Бу вақтгача Садир Жапаров «Бешинчи канал»нинг эфирига, маҳаллий ҳукуматнинг легитимли етакчиларини ишга яна қайтишга чақирган. Сабаби бир қанча ҳукуматнинг вилоятлар бўйича мухтор вакиллари ва туман ҳокимлари ишдан кетиш ҳақида ариза ёзишган.

Бу мурожаатдан сўнг бир нечта амалдорлар хизматларига қайтишган.

Сарибашов шаҳар кенгашига янги сайлов бўлиб, янги шаҳар раҳбари тайинлангунча у қонуний мер эканлигини маълум қилди. Жорий йилнинг 12 апрелида бир қанча ҳудудларда маҳаллий кенгашларга сайлов ўтиши керак эди. Бироқ коронавирус тарқалиб, ўлкага фавқулодда ҳолат режими жорий қилингани учун сайлов номаълум муддатга жилдирилган.

*Садир Жапаров премьер-министрликка кўрсатилгани билан хизматга тайинланмаган. Қонунга кўра, Жогорку Кенешнинг камида 61 депутати йиғилиб, кўпчилик коалицияни тузиб, премьер-министрни сайлаши керак. Шунингдек, парламент янги ҳукумат таркибини қабул қилиб, унга президент қўл қўйиши керак. Бироқ президент премьерни уч кун ичида тайинламаса, у янги ҳукумат таркиби билан бирга тайинланган бўлиб ҳисобланади.

6 октябрда Садир Жапаровни сайлаш учун Бишкекдаги «Достук» меҳмонхонасига фақат 35 депутат келгани хабар қилинган. Бундан ташқари, улар бошқа 26 ҳамкасбининг ўрнига ишончнома орқали овоз беришган. Бироқ йиғин ёпиқ эшик ортида ўтгани сабаб бунинг рост-ёлғонлигини аниқлаш мумкин бўлмаган.

Ўш шаҳрида 6 октябрда сайлов натижасини тан олмаслик бўйича митинг ўтиб, вазият кескинлаша бошлаганда маҳаллий кенгашнинг 31 депутати Таалайбек Сарибашовга ишончсизлик билдириб, ишдан бўшатишни таклиф қилган. Кўп ўтмай Сарибашовнинг иш кабинетига «Бир Бол» партиясининг депутати Дуйшўн Тўрўкулов кириб бориб ўзини Ўшнинг мэр деб эълон қилган.

Эртаси куни 7 октябрда, Сарибашовни қўллаш митинги ўтиб, унда Тўрўкулов шаҳар раҳбари бўлмаслигини билдирган. Унинг айтишича, у Сарибашовга «учинчи кучлар» томонидан провокация бўлиб, жанжал чиқиб кетмаслиги учун ўзини мер деб атаган. Кейин Сарибашов ўз хизматига қайтган.