Ўшда 8 октябрда 100дан ортиқ юк ташувчи машиналар Қорасув туманидаги Қашқар-қишлоқ қишлоғида жойлашган «Абу-сахий» ишхонаси олдига йиғилишди. Улар мазкур ишхонани давлатга ўтказишни талаб қилишди.
Ҳайдовчилар йиғилишларининг сабабини компаниянинг Қирғизистонда рўйхатга олинган автомашиналари уларнинг «нонини тортиб олгани билан» тушунтиришди.
Юк ташувчиларнинг «Ҳайдовчи» жамиятининг раиси Надир Токторовнинг айтишича, мазкур компания ўн йилдан бери юк ташиш тармоғини монополия қилиб олган. Бироқ уларнинг тегишли томонларга бир неча марта мурожаатларига қарамай, муаммо ҳал қилинмаган.
«Бу компания Қирғизистонни юкини ташиш билан миллионлаган пул ўғирлаб келди. Сўнгги етти-саккиз йилда буларни Матраимовлар бошқарган. Четдан юк олиб кириш, транзит юк ташишнинг ҳаммасини улар назорат қилган. Энди барчаси очиқ бўлишини талаб қиламиз. Бу ишхонани яна бири келиб бошқаришини истамаймиз», — дейди у.
Шунингдек, у ҳозирда ишхонанинг қўриқчиси билан ҳар бир машинани белгилаб, уларга ўзлари қўриқчилик қилиб, давлатга ўтказиб беришни кўзлашаётганини қўшимча қилди.
«Азаттык» билдиришича, мазкур ишхонада ўша вақтда қўриқчидан бошқа ҳеч ким бўлмаган — хокимлар ва етакчилар қаерда экани номаълум. «Абу-Сахий»нинг Қирғизистондаги вакили «Тарим-Транс» ишхонасининг етакчиси Нурбек Керимбеков билан боғланишнинг имкони бўлмаган.
Воқеа жойга борган «Клооп» мухбирининг айтишича, йиғилганлар «Абу-Сахий»нинг машиналарини давлатга ўтказиб, давлат уни маҳаллий ҳайдовчиларга ишлатиш учун кредитга беришини таклиф қилишди.
Кейинчалик уларга мазкур фирманинг ҳайдовчилари келиб қўшилиб, икки томон ўртасида келишмовчилик бўлган. Милиция ходимлари келгандагина икки томон сўзлашувга боришган.
Маҳаллий ҳайдовчилар «Абу-Сахий»нинг ҳайдовчиларига бирга ишлашни таклиф қилишмоқда, уларнинг кўпчилиги қарши бўлиб, музокара олиб борган вакил «ўйланиб кўришларини» айтиб, йиғилганлар тарқалишган.
«Абу-Сахий» ҳақида
«Абу-Сахий» карго компанияси «Клооп»нинг, «Азаттык»нинг ва OCCRPнинг божхонадаги коррупция ва Қирғизистондан 700 млн доллардан ортиқ маблағни ноқонуний чиқарилиши ҳақида биргаликдаги журналистик суриштирувида номи айтилган.
Ўрганувчи журналистларнинг информатори Аеркен Саймаити бу компанияга хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадир ва унинг қариндошлари асос солганини айтган.
Йиллар ўтиб, Абдукадирнинг оиласи «Абу-Сахий»ни қадимги Ипак йўлининг изи билан Хитойдан товар ташиган карго империясига айлантирган.
Саймаитининг айтишича, «Абу-Сахий» компаниясининг 600 юк ташувчи машинаси турли товарлар билан Хитойнинг Шинжон Уйғур автоном тумани билан Қирғизистоннинг чегараси орқали ўтиб, Тошкентга ва бошқа ҳудудларга юборилиб турган.
Амалдорлар божхона орқали ноқонуний ўтказган ҳар бир юк ташувчи машина учун олган поранинг миқдори 4,6 минг доллардан 5 минг долларгача бўлган. Агар унинг бир ойда 600 юк ташувчи машина деган ҳисобини қўллансак, унда ҳар ойда тушган даромад 3 миллион долларни ташкил қилади.
Юкнинг кўп қисми ўзбек чегарасига яқин жойдаги Қашқар-қишлоқ қишлоғидаги омборга туширилган. Шундан сўнг машиналар «транзит» деган ҳужжатлари билан Ўзбекистонга юборилган.
Туширилган юкни Қирғизистонда сотишга ёки Қозоғистон ва Россия каби даромадли бозорларга жўнатишга йўл очишган. Товарларнинг яна бир қисми «Абу-Сахий» бозорига қолдирилган.
Бу схема ЕОИИ томонидан қаралган солиқлардан қутилишга имкон яратган.
Қирғиз-Хитой чегарасидаги «Торугарт» ва «Эркечтам» божхона терминалларида, шунингдек, ўзбек чегарасидаги Қорасув терминалида етарли равишда таниш офицерлар ишлаган. Шу сабаб бу муассасалар Абдукадир оиласининг хусусий жойлари каби ишлаб келган.
Ўндан ортиқ тадбиркор тасвирлаган тартибга кўра, «Абу-Сахий» ва унга алоқаси бор карго компаниялари ўзларининг юк ташувчи машиналарини божхона пости орқали тез ва самарали ўтказишган. Рақобатли фирмалар кечикиш ва оғир тўсқинликларга учрагани сабаб улар учун бизнес қилиш оғир ишга айланган.
Абдукадир Хитойда туғилган, бироқ 2011 йилнинг ноябрида Қозоғистон фуқаролигини олган, 2012 йили Бирлашган Араб Амирлигида яшашга рухсат олган.
Унинг оиласи ва компанияларини қирғиз амалдорлари билан яқин алоқаси бўлган. У собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва амалдаги президент Сооронбай Жээнбеков билан ҳам таниш. Жээнбековнинг инаугурациясида ҳам бўлган. Шунингдек, Абдукадирнинг Матраимовлар оиласи — Қирғизистондаги таъсирли клан — билан бирга асос солган Дубайда бизнеслари ҳам бор. Унинг «АКА» компаниялари Қирғизистондаги кўплаган тендерларда қатнашган.