ССВ: Қирғизистоннинг тиббиёт тармоғи навбатдаги эҳтимолий коллапс хавфида турибди

354

Қирғизистонликларни санитар талабларни сақламагани ўлкадаги эпидемиологик вазиятни ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш министри Сабиржан Абдикаримов брифингда айтди. Шунингдек, вазир можароларга тиббиёт ходимларини аралаштирмасликка чақирди.

Абдикаримов Бишкек шаҳрида касалликка чалинганлар сони кундан-кунга кўпайишидан хавотирланди. Унинг айтишича, 7-8 октябрь ҳолатига кўра коронавирусга чалинганларнинг сони кескин кўпайган. Бундай кўрсаткич бундан 56 кун аввал рўйхатга олинганини қўшимча қилди.

Шаҳардаги тартибсизликлар сабаб ҳудудлардан келиб-кетганлар сони ошди. Улар йўлда санитар меъёрларга амал қилишмайди. Шу сабаб COVID-19 тарқалиб, беморлар кўп бўлмоқда дейди министр Абдикаримов.

«Биз бугун бутун халқ олдини олиш чораларига (ниқоб тақиш, масофани сақлаш) амал қилмаётганига гувоҳ бўлдик. Бунинг оқибати кўрина бошлади. Икки ҳафта ичида касалликни 154%га ўсиши унинг қайта тарқалишидан хабар беради», — деди у.

Унинг айтишича, оддий олдини олиш қоидаларига амал қилинмаса, Қирғизистонда тиббиёт тармоғи яна бир оғир вазиятни бошдан ўтказиши мумкин.

«Ҳозир тумов ва вируслик инфекциялар мавсуми. Касаллик тарқалса касалхоналарда ўрин етишмай, шифокорларга оғир юк тушади. Бунга йўл қўймаслик сизнинг қўлингизда», — деб таъкидлади Абдикаримов.

Тиббиёт ходимларига ҳужум

Министр тиббиёт ходимларига ҳужум бўлиб, тез ёрдам машиналарига зарар етказилганига тўхталиб, ёрдам бериш учун борган тиббиёт ходимларини бундай можароларга аралаштирмасликка чақирди.

«Фуқароларни ўз вазифасини бажариш учун борган тиббиёт ходимларига қўл кўтармасликка чақираман. Бу билан тиббиёт тармоғида коллапс яратасизлар. Бундай оғир, ўткинчи вақтда тиббиёт ходимлари фуқароларга узлуксиз хизмат қилиши керак. Ақлингизни йиғинг», — деб мурожаат қилди.

5 октябрдан 6 октябрга ўтар кечаси беш тиббиёт ходими калтакланиб, олти тез ёрдам машинаси зарарланганини қўшимча қилди.

«Икки машинани талон-тарож қилишди. Биз уларни қийинчилик билан сотиб олганмиз. Бундай тартибсизликлар натижасида техникаларимиз яроқсиз ҳолга келди. Бугун қўшимча 13 тез ёрдам машинаси келди. Биз уларни соғлиқни сақлаш муассасаларига тарқатамиз», — деб билдирди Абдикаримов.

Коронавирус касаллигига чалинганларнинг дастлабкилари 2020 йилнинг март ойида рўйхатга олинган. Июнь-июль ойларида касаллик кучайиб, беморлар сони кескин кўпайган. Кўп ўтмай касаллик камайган. Энди сўнги икки ҳафтада касаллик юқтирганлар сони кўпайди.

Пандемияга қарамай ҳукумат бошида турганлар 4 октябрда парламент сайловини ўтказишди. Натижаси митинг, оммавий тартибсизликлар бўлиб, Оқ уйни босиб олиш билан тугади. Сайлов ва митинг вақтида фуқаролар масофани сақлашмади. Ниқоб таққанлар саноқли бўлди.

Расмий маълумотларга бўйича 8 октябрга кўра Қирғизистонда 1073 киши коронавирусдан вафот этган. 48 342 одам касал юқтириб, 43 957 киши соғайган.