«Эскилар ҳукуматга келмасин». Ҳукумат уйининг олдида митинг ўтмоқда

392
Видеодан олинган скриншот

7-октябрда Бишкек шаҳрида ҳукумат уйи олдида митингчилар тўпланиб турибди. Бундан ташқари марказий «Ала-Тоо» майдонида ёшларнинг митинги ўтмоқда. Улар люстрация қонуни қабул қилиб, эскилар ҳукуматга келмаслигини талаб қилишмоқда. «Реформа» партияси лидери Клара Сооронкулова йиғилганлар олдига чиқиб сўзлаяпти. У «Достук» меҳмонхонасида ўтган Жогорку Кенешнинг навбатдан ташқари йиғини ноқонуний эканини, у ерга депутатларни куч билан олиб келинганини халқ вакилларининг ўзлари бугун айтишганини билдирди.

Бу орада бошқа Координация кенгаши тузилганини айтганлар ҳукумат уйида йиғилиш қилди. Олдиндан маълум қилинган пресс-релизда Максат Мамитканов («Чоң Казат») , Мирбек Мияров («Ордо»), Темирбек Асанбеков («Мекеним Ынтымагы»), Чингиз Макешов («Ыйман Нуру») ва Урмат Жанибаев («Реформа») баёнот бериши айтилган.

Бу вақтгача мазкур беш партиянинг вакиллари бирлашгани маълум қилинган эди.

Улар премьер-министрликка кўрсатаётган Садир Жапаровнинг номзодини тан олмаслигини айтмоқда.

Ҳукумат уйи олдига йиғилганларни қўллаган «Дербиш» жамғармасининг директори Куттумидин Базаркулов журналистларнинг саволларига жавоб бераётиб, «Нима учун қамоқдан чиққанлар, қочқин бўлиб кетганлар яна давлатни бошқариши керак?» деб аччиқланди.

«Қочиб кетган Мелис Мирзакматов, қамоқдан чиққан Садир Жапаров келиб бошқараман деяпти. Бундай бўлмаслиги керак. Биринчи навбатда улар уйларига чиққанига хурсанд бўлиши керак. «Мен чиқдим деб худога товба қилиши керак, дарров ҳукуматга кўз тикмаслиги керак», — деди у.

Базаркулов шунингдек, ёшлар революция қилгани билан ўша инқилоб йўлини олиб кетолмаётганини қўшимча қилди.

«Булар кимга қарашини билмай, аросатда қолди, ким ҳукуматга интилса ўшаларнинг кўзига қарашмоқда. Ёшлар бўлгандан кейин ёшлик шижоатини кўрсатиши керак эди», — деди Базаркулов.

Бундан ташқари, бугунги ҳукумат ёшлардан тузилиши кераклиги ва ёшларга йўл кўрсатган янги одамлар, қиёфалар келиши кераклигини қўшимча қилди.

«Реформа» партиясининг вакили Акжолтой Тукунов эски сиёсатчилар ёшлар узурпация бўлган ҳукуматни қулатиш учун уларга тош отиб, инқилобни амалга оширганда улар мансаб, ҳукумат тармоқларини бўлиштириб ўтирганини айтиб ғазабланди. У ёшлар ревоюцияни эскилар учун ёки бирор бир сиёсий партия учун қилмаганини билдирди.

«Ҳозир депутатлик мандат эмас, кресло талаш бўляпти. Биз инқилоб қилаётган вақтда эски порахўрлар лавозимларни бўлиштириб олишибди», — деди у.

Тукунов бундан ташқари, бу ерда турган ёшлар «эскилар, коррупцияга, криминалга аралашганлар ҳукуматга келмасин» деб талаб қилаётганини билдирди. Сабаби бундай одамлар мансабга етганда ҳаммаси ўзгариб кетяпти. Агар бу сафар халқ тўғри қарор қабул қилмаса, учинчи марта мағлуб бўлиб қолиши эҳтимоли борлигини таъкидлади.

5-октябрда Бишкекда оммавий намойишлар ўтиб, натижада 6-октябрда тунда «Оқ уй» олинди. Кейин митингчилар МХДҚ биносини босиб олишди.

6-октябрда эрталаб айрим партияларнинг вакиллари бир қанча давлат муассасаларини босиб олиб, ўзларини янги етакчи деб атай бошлашди. Шу куни МСК 4-октябрда бўлган парламент сайлови натижасини бекор қилди. 13 партия бирлашиб Координация кенгашини тузган. Уларнинг қаторига Мадахан Мадумаров, Жанар Акаев раҳбарлигида бир гуруҳ партиянинг вакиллари кирган эди. Улар халқ ишончига эга бўлган халқ ҳукуматини тузишни режалаштирмоқда.