Жалолободнинг мэри Муратали Тагаев хизматини топширди

451
Муратали Тагаев

6 октябрда Жалолобод шаҳар мери Муратали Тагаев ишдан ўз ихтиёри билан кетиш ҳақида ариза ёзди. Тагаевнинг ўрнига вақтинча вазифасини вице-мер Нуртилек Орозбаев тайинланди.

«Турмуш» нашри аввалроқ маълум қилганидай, эрталабки соат 9:40лар атрофида мериянинг олдига 100га яқин одам йиғилган. Улар шаҳар раҳбариятидан сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилишган.

Шунингдек, шаҳар кенгашининг олдинги коалицияси бузилиб, «Тинчлик» коалицияси тузилгани маълум қилинди. Унда «Мекеним Қирғизистон», «Республика», «Ата Журт», «Онугуу», «Қирғизистон» партиялари бирлашган.

Йиғилганлар билан учрашувга ҳукуматнинг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили Нурболот Мирзахмедов чиқиб, талон-тарожликка йўл қўймасликка чақирган. Қолаверса, халқнинг талаби билан ишини ўтказиб беришга тайёрлигини билдирган.

Бу вақтгача Ўш шаҳрининг мерига шаҳар кенгашининг депутатлари ишончсизлик билдириб, навбатдан ташқари йиғин ўтказишган. Йиғинга қатнашган 31 депутатнинг ҳаммаси Сарибашовнинг ишдан кетиши учун овоз беришган.

Бироқ Ўш шаҳар мерининг матбуот хизмати мернинг ўзи ариза ёзмаганини билдирган.

Ўшдаги марказий майдонга тахминан бир неча минг киши иштирокида ўтаётган митингчилар олдига Сарибашов чиқиб сўзлаган. Унда у барчаси қонун доирасида бўлиши кераклигини айтиб, халқни бирдамликка чақирган.

Йиғилганларнинг орасида «мер кетсин!» деб бақирганлар ҳам бўлди. Намойишчиларнинг айримлари эса Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзакматовни ҳукуматга қайтаришни талаб қилишмоқда.

Кўп ўтмай Мелис Мирзакматовни Истанбулдан учиб келиши кутилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Унинг тарафдорлари марказий майдонда Мирзакматовни қўллаган чақириқлар ёзилган баннерлар билан туришибди.