Координация кенгаши тузилди. Жээнбеков билан музокарани Мадумаров олиб боради

480

Қирғизистонда Координация кенгаши тузилиб, унинг таркибига парламент сайловига қатнашган 8 партия кирди. Бу ҳақда Адахан Мадумаров матбуот анжуманида билдирди. Шунингдек, у Координация кенгаши таркибига кирадиганларга эшик очиқлигини таъкидлади.

Унинг айтишича, тузилган янги кенгашнинг асосий мақсади Қирғизистонни ҳуқуқий майдонга киритиш ва ҳозирда юзага келган вазиятдан тез орани ичида чиқиш.

«Конституциявий майдонга келиб, кўчада намойишларни тўхтатиш керак», — деди у.

Мадумаров шунингдек, ҳозирда ўлкада ягона легитимлик орган Жогорку Кенеш эканлигини айтиб, 6-чақирилиш депутатларининг навбатдан ташқари йиғинини ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Сабаби ўлка қонун доирасида иш олиб бориши учун Жогорку Кенеш амалдаги ҳукуматнинг истеъфосини қабул қилиб, халқ ишончига кирган ҳукумат таркибини қабул қилиши керак. Бундан ташқари, парламент янги раисни сайлаши кераклигини қўшимча қилди.

«Ана ўша халқ ишонган ҳукумат барча масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. Шундагина қонуний йўлга тушган бўламиз», — деди у.

Парламентнинг навбатдан ташқари йиғини ҳақида

Матбуот анжуманига йиғилган координация кенгашининг аъзолари «Амалдаги парламент депутатлари навбатдан ташқари йиғинга тўплана оладими, кворум бўладими?» деган саволларга бир оғиздан «йиғилади» деб жавоб қайтаришди.

6-чақирилишнинг депутати, Жанар Акаев 7 октябрда Жогорку Кенешнинг навбатдан ташқари йиғини бўлишини, унда янги раис сайланиб, халқ ишонган ҳукуматнинг янги таркиби тайинланади деб ишонтирди.

«Ҳозир биз кворум бўлиши учун барча депутатларни чақириб, туну кун ишлаяпмиз. Кворум бўлади деган ишонч бор, сўзлашувлар бормоқда», — деди Акаев.

Мадумаров ўз навбатида қайсидир сиёсий кучларнинг ҳукуматни айрим қисмларини босиб олаётгани бўйича «Барчаси қонун доирасида бўлиши керак» деб жавоб берди.

«Ҳозирда Қирғизистонни бутун дунё кузатиб турибди. Шу сабаб нима бўлганда ҳам босқинчилик билан лавозимларни эгаллаб олиш нотўғри. Барча сиёсий кучларни ҳуқуқий майдонга киритиб, 2010 йилдаги воқеани такрорламасликка чақирамиз», — деди у.

Бу вақтгача «Бир Бол» партияси билан парламент сайловига отланган Алмамбет Шикмаматовни Бош прокурор вазифасини ўтамоқда деган маълумот тарқалган эди.

Йиғиндан сўнг у журналистларнинг саволларига жавоб бериб, у ҳеч қандай бош прокурор бўлмаганини айтди.

«Мен аниқлик киритаман, мени ҳеч ким бош прокурор қилиб тайинламади. Бош прокурор бўлмадим. Мен фақат бош прокуратурага бориб, бош прокурорнинг уч ўринбосари билан учрашиб, сайлов натижасини бекор қилиш бўйича бош прокурорга протест қилиб, барқарорликни сақлаш учун қонунни маҳкам тутиб, имзолаш ҳуқуқи ўринбосарларда бўлсин деб маънавий қўллов кўрсатиб келдим», — деди у.

Шикмаматов бундан ташқари, Матраимовларга нисбатан иш қўзғаб, чегараларни ёпинглар деган таклифларини айтганини қўшимча қилди.

Бу орада МСК 4 октябрда ўтган парламент сайловининг натижасини расмий турда яроқсиз деб топди.

Жээнбеков билан музокараларни Мадумаров олиб боради

Координация кенгаши амалдаги президент Сооронбай Жээнбеков билан сўзлашувларни олиб бориш учун Мадумаровнинг номзодини қўллашган. Координация кенгаши номидан барча музокараларни олиб боради. Мадумаров президент билан ҳозирча боғланмаганини ва унинг қаерда эканлигини билмаслигини айтди.

Бу вақтгача президент Сооронбай Жээнбеков мурожаат билан чиқиб, сиёсий кучларни қонунийликка чақирган. Шунингдек, унинг матбуот котибаси Толгонай Стамалиева президент Бишкекда эканлигини билдирган эди.