Бишкекдаги норозилик намойиши вақтида Оқ уйда ёнғин бўлди. Тахминан бинонинг юқори қавати ёнган. Бир неча соатдан кейин ёнғин ўчирилди.
Депутат Дастан Бекешев митингчиларга мурожаат қилиб, «Райим каби бўлмай» талон-тарожликка йўл қўймасликка чақирди. Райимбек Матраимов — собиқ божхона ходими, у бир қанча журналистик текширувларнинг фигуранти.
Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида 5 октябрда соат 11:00лар атрофида сайловдан ўтмай қолган мухолифат партияларнинг навбатдан ташқари тинчлик митинги бошланган. Улар сайловни легитимсиз деб атаб, кўплаган қонунбузарликлар бўлганини таъкидлашди — овоз сотиб олиш, маъмурий ресурсдан фойдаланиш, сайловчиларга босим ўтказиш.
Митинг иштирокчилари сайловни тан олмасликларини билдириб, қайта сайлов ўтказишни талаб қилишган — «Ата Мекен», «Бир Бол», «Чонг Казат», «Мекен Интимағи», «Социал демократлар», «Ордо», «Республика», «Мекенчил», «Бутун Қирғизистон», «Реформа».
Митингчилар ҳукумат вакилларига мурожаат қилиб, муаммони ҳал қилиш бўйича кечки соат 8гача жавоб бериш талабини қўйишган. Бироқ ИИМ намойишчиларни тарқалишга чақирган. Кейинчалик куч тизими ходимлари уларни куч билан майдондан қувиб чиққан.
Бу орада ҳуқуқ тартибот органи вакиллари йиғилганларни ортга қайтариш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва кучли овоз чиқарувчи граната ва елим ўқлардан фойдаланишган.
Бироқ шунга қарамай, митинг иштирокчилари яна майдонга йиғилиб, Оқ уйни босиб олишган. Улар президентнинг иш кабинетигача кириб боришди. Ижтимоий тармоқларга тарқалган сурат-видеолардан ҳужжатлар сочилиб, айрим буюмлар цинганини кўриш мумкин.
Тўқнашувлар натижасида 100дан ортиқ одам жароҳатлангани маълум қилинди. Уларнинг орасида депутатлар, куч тизимлари ва тиббиёт ходимлари бор.
«Ата Мекен» партиясининг лидери, депутат Жанар Акаев вақтли ҳукумат тайинланишини билдирди.