Халқаро кузатувчилар Қирғизистондаги сайлов шаффоф ўтди деб баҳолади

376

4 октябрда Қирғизистондаги парламент сайловини кузатган халқаро кузатувчилар гуруҳи сайлов очиқ, адолатли ўтганини таъкидлашди. Улар бу фикрни президент Сооронбай Жээнбеков билан учрашганда айтишди.

Шунингдек, сайлов жараёнида шаффофликни таъминлаш бўйича ишлар юқори даражада ташкил қилинганини таъкидлашди.

Жээнбеков 5 октябрда ўлкадаги парламент сайловини мониторинг қилган МДҲ, ЕХҲТ, ШҲТ, ТуркПА ва ТМККнинг халқаро кузатув миссияларининг раҳбарлари билан учрашган.

Ўз навбатида Жээнбеков сайлов қоидалари олдиндан маълум бўлганини, барча партияларга ташвиқот ишларини олиб бориш учун бир хил шароитлар тузилганини таъкидлади. Шу билан бирга пандемия шароитида фуқаролар учун барча зарур бўлган шароитлар яратилганини қўшимча қилди.

Жээнбеков бундан ташқари барча давлатлардагидай, сайлов вақтида жой-жойларда айрим камчиликлар зудлик билан бартараф қилинганини таъкидлади.

Лекин сайлов куни қоидалар билан қонунбузарликлар тез-тез бўлиб, ижтимоий тармоқларда сурат, видеолар тарқади. Унда сайлов участкасидан чиққанларга пул тарқатаётганлар тасвирга олинган. Бундан ташқари, овоз беришга келганларни олдиндан рўйхатдан аниқлаб, уларга махсус «белги» қўйилган ниқоблар тарқатилди. Айрим ниқобларга муҳр босилса, айримларига эса қизил, яшил тусдаги игналар қадалган.

Шунингдек, сайлов жараёнини ёритаётган журналистларга ҳужум бўлди. «Клооп»нинг тасвирчисига номаълум киши қўл кўтариб, телефонини тортиб олишга ҳаракат қилди. Кейин «Клооп»нинг мухбирларига ҳужум қилган киши спортчи Достук Жолдошев эканлигини аниқлашди.

Кечда эса овоз бериш тугиб, унинг дастлабки натижалари чиқа бошлаганда бир қанча партия сайлов натижасидан норози эканлигини айтишди. Айримлари Бишкекдаги «Ала-Тоо» майдонига чиқиб, норозиликларини билдирди.

5 октябрда эса 7 фоизлик бўсағадан ўтмай қолган партияларнинг лидерлари норозилик намойишига чиқишга халқни ундаб, майдонга 3-4 минглаган киши йиғилди. Улар сайлов натижаларини бекор қилишни, президентни кетишини, Райимбек Матраимовни қамалишини талаб талаб қилишди.

Сайловнинг дастлабки натижаси бўйича (соат 16:00га кўра) бюллетенларнинг 70 фоизи қўлда саналгандан сўнг 7 фоизлик бўсағадан беш партия ўтди. Улар: «Биримдик» — 26,38%, «Мекеним Қирғизистон» — 24,94%, «Қирғизистон» — 9,10%, «Бутун Қирғизистон» — 7,73%, «Мекенчил» — 7,37%.

Қонун бўйича сайловнинг расмий натижаси сайлов ўтгандан кейин 20 кун ичида чиқади.

Жогорку Кенешга бўлган сайловга 16 партия қатнашди. Парламент депутатлари беш йилда бир марта сайланади.