Видео: Ала-Тоо майдонига яқин жойларга куч органларининг ходимлари йиғилмоқда

403

Бишкекда парламент сайловининг натижасидан норози бўлганларнинг норозилик намойишлари давом этмоқда. Ҳозирда марказий майдонда парламентга ўтмаган барча партияларнинг лидерлари ва тарафдорлари йиғилиб, сайлов натижасини бекор қилишни талаб қилишмоқда.

Айрим ОАВлари майдонга 2 мингдан 4 минггача одам йиғилганини хабар қилди. Шунингдек, митингга чиққанлар «Жээнбеков кетсин! Матраимов қамалсин!» деган чақириқларни ҳам айтишмоқда.

Митингчиларга «Бутун Қирғизистон» ва «Мекенчил» партияларининг лидерлари Адахан Мадумаров ва Камчибек Ташиев ҳам қўшилди. Дастлабки натижа бўйича бу икки партия Жогорку Кенешга ўтиши мумкин. Бироқ шунга қарамай, улар сайлов «адолатсиз» ўтганини билдиришмоқда.

Марказий майдон атрофига ва унга яқин жойларга куч тизимларининг юзлаган ходимлари йиғилмоқда. «Апрель» вазиятни ички ишлар министрининг ўринбосари Алмазбек Орозалиев назоратга олишини маълум қилди.

Бишкек ШИИБ етакчисининг ўринбосари Эрлан Атантаев милиция митингчиларга қарши газ ва гранатадан фойдаланмайди деб ишонтирди. Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат ва видеолорда майдонга сув сочувчи машиналар ҳам келтирилганини кўриш мумкин.

 

4 октябрда Қирғизистонда парламент сайлови бўлиб ўтди. Дастлабки ҳисобларга кўра, парламентга «ҳукуматники» дейилган «Биримдик», Матраимовларга алоқаси бор «Мекеним Қирғизистон», «Қирғизистон» ва «Бутун Қирғизистон» партиялари ўтган. Шунингдек, Жогорку Кенешга «Мекенчил» ўтиши мумкин — партияга 7 фоизлик бўсағадан ўтиш учун 0,2% етмаяпти.

Сайлов натижаларини ҳозирча олдинги икки ўринни олган партияларгина тан олишди.