Коррупция ва даромадларнинг изини яшириш. Атамбаевга қўзғалган тўрт жиноий иш тергалиб бўлди

348

Собиқ президент Алмазбек Атамбаевга жиноят содир этишда гумон қилинганлиги тўғрисида тўртта билдирув қоғози берилди. Улардан учтаси коррупцияга айбловлар, яна бири - жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича.

Қўйтошдаги уй

Атамбаевнинг адвокати Сергей Слесарьёвнинг таъкидлашича, биринчи билдирув Қўйтош қишлоғидаги ер участкасини сотиб олишдаги ва ундан фойдаланишдаги коррупция билан боғлиқ. Тергов маълумотларига кўра, собиқ президент уни Албек Ибраимовнинг хотинидан сотиб олган ҳамда кейинчалик Ибраимов Бишкекнинг мери бўлган.

Атамбаев Қўйтош қишлоғидаги ер участкасини ноқонуний олганликда айбланмоқда. У уйини бу ер участкасида президент бўлиб турганда қурган. Тергов версияси бўйича, 2011 йили Атамбаев бош вазир бўлиб турганда Чуй вилоятидаги 35 гектар ерни ноқонуний трансформация қилиб, у ерда коттежлар шаҳарчасини қурган. Бу ерлар қишлоқ хўжалиги мақомидан «аҳоли пунктлари» тоифасига ўтказилган. Атамбаевнинг бу участкасини ноқонуний олгани ҳақида биринчилардан бўлиб 2016 йили Омурбек Текебаев айтган. Ўша вақтда президент Атамбаев билан Текебев ўртасида зиддият бор эди.

ИЭМни янгилаш

Коррупция бўйича иккинчи айблов ИЭМни модернизация қилиш ишига боғлиқ. Атамбаев уни реконструкциялаш учун пудратчини компанияни ўзи танлаганликда айбланмоқда. ИЭМни модернизация қилишни Хитойнинг ТBEА компанияси амалга оширган.

Бишкек ИЭМини модернизация қилиш бўйича жиноий иш 2018 йилнинг 26 январида ИЭМдаги авариядан кейин қўзғатилган. Авария сабаб шаҳарликлар қаттиқ совуқда бир неча кун бўйи иссиқликсиз қолган. Авариядан олдин ИЭМ 386 миллион долларга модернизация қилинган.

Собиқ бош вазир Сапар Исаков авария ИЭМнинг таъмирланган қисмида эмас, балки эски корпусларида бўлганини таъкидлаган. Депутатлар модернизациянинг қиймати ортирилган деган хулоса чиқарган.

Ушбу иш бўйича амалдорлар айбларини тан олишмаган. Исаков ва собиқ президент Алмазбек Атамбаев президент Сооронбай Жээнбеков рақибларига босим ўтказаётганини айтиб, айбловни «асоссиз» деб ҳисоблашади.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бунга қадар билдиришича, Атамбаевнинг Бишкек ИЭМини модернизация қилишдаги коррупцияга алоқадорлиги бўйича ишлар айбланаётган бошқа амалдор расмийлар фигурант бўлган ишдан алоҳида тергов қилинади. Мазкур иш бўйича Сапар Исаков мулкини мусодара қилиш билан 15 йилга озодликдан ажратилган.

Ер конини ишлатишга лицензия бериш

Коррупция бўйича учинчи айблов Терек-Сай конини ишлатиш учун лицензия беришга боғлиқ. Собиқ давлат етакчиси билан бирга иш бўйича Геология ҳамда минерал ресурслар бўйича давлат агентлигининг собиқ директори Дуйшонбек Зилалиев ва муассасанинг статс-котиби Шерикул Султанов айбланмоқда.

“Терговнинг версияси бўйича, рухсат берган ҳужжатни Субихи Пархати деган бир тадбиркор олган. Айни ишга «Апрель» фонди ва «Апрель ТВ» телеканали ҳам аралашган. Қўйтошдаги участка, ИЭМни янгилаш, лицензия бериш ҳамда «Форум»ни сотиш деган тўрт пункт бўйича тергов тугаб, айблов актлари тузилиб, материаллар пойтахтнинг Биринчи май туман судига жўнатилган. Текширувнинг куни ҳозирча тайинлангани йўқ”, — деб тушунтириб берди Сергей Слесарьёв.

Даромадларнинг изини яшириш

Тўртинчи айблов — жиноий даромадларни (изини яшириш) ҳалоллаштириш. Тергов версиясига кўра, Алмазбек Атамбаев 2017 йили Субихи Пархатидан «Форум» компаниясини сотганлиги учун 54 млн сом олган.

2017 йили собиқ президент Алмазбек Атамбаев ўзининг декларациясида Субихи Пархатидан 54 млн сом даромад тушганини кўрсатган.

Атамбаевнинг президентлик муддати тугагандан кейин депутат Канатбек Исаев Пархати «Форум» биносини Атамбаевдан сотиб олганини билдирган. Шунингдек депутат Атамбаев Пархати орқали «Хуасин», «Терексай Жаштари», «Бизниснур», «АКА Петролеум» ҳамда «АКА Инвест» компанияларига эгалик қилган деб тахмин қилган.

Исаев парламентда сўзлаб чиққандан кейин дарҳол комиссия тузилиб, у Атамбаевга нисбатан бир неча айб қўйган. Ушбу айбларнинг бир қисмини, жумладан Пархати бўйича кейсни, Бош прокуратура қўллаб, бу Атамбаевни экс-президентлик мақомидан ҳамда дахлсизликдан ажратишга сабаб бўлган.

«Ака Петролеум» ва «АКА Инвест» компаниялари «Азаттык»нинг Қирғизистондан чиқариб кетилган 700 млн доллар бўйича суриштирувида номи аталган. Журналистлар бу компанияларни Матраимовларнинг оиласи билан боғлиқлиги борлигини айтишади. Мазкур компаниялардан бири билан бирга «Ақлли шаҳар»ни амалга оширмоқчи эди, аммо кейинчалик шартнома бекор қилинган.

Субихи Пархати 2019 йили октябрда қўлга олиниб, ҳеч қаерга кетмаслик тилхати билан қўйиб юборилган.

Жами бўлиб Ҳарбий прокуратурасининг қаровида олти иш бор, улар бўйича Алмазбек Атамбаев айбланувчи қатори ўтмоқда. Иккиси бўйича — криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш ҳамда ўтган йилнинг 7-8 августидаги Қўйтош воқеаси — бу ишлар бўйича суд жараёни давом этмоқда.

Батукаевнинг иши

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев айбланувчи қатори ўтаётган яна бир шов-шувли иш — Азиз Батукаевнинг ноқонуний бўшатилиши.

Қирғизистон ҳукумати терговни 2019 йилнинг баҳор мавсумида қайта тиклаган. Криминал авторитет 2013 йили лейкоз дардига чалинди деган маълумот асосида бўшатилган. Кейинчалик тиббий ҳужжатнинг сохта экани аниқланган.

Батукаевнинг ишини тергов қилиш Атамбаевни экс-президент мақомидан, дахлсизликдан ва бошқа имтиёзлардан ажратишга сабаб бўлган.

ИИВ Батукаевнинг бўшатилиш иши бўйича Атамбаевни уч марта сўроққа чақирган, аммо собиқ президент терговчи билан учрашувнинг учтасига ҳам келмаган. Шу сабаб август ойининг бошида куч тизимлари Атамбаевни қўлга олган. Улар собиқ президентнинг Қўйтошдаги қароргоҳини икки кун штурмга олишган. Махсус операция вақтида спецназнинг бир зобити вафот этган.

Атамбаев Батукаевни бўшатишдаги коррупция бўйича айбдор деб топилиб, мулкини конфискациялаш билан 11 йилга судланган. Ҳозирда ТИЗО-1да бўлиб, Қўйтошдаги штурмга боғлиқ айбловлар бўйича ҳукмини кутмоқда.

Батукаевнинг ноқонуний бўшатилишида гумонланган бошқа шахсларга жарима солинган.