Жалолободда турғунларни тўнаган жиноий гуруҳнинг аъзолари қўлга олинди

291

Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида уюшган жиноий гуруҳнинг уч аъзоси қўлга олинди, бири қидирувда. Бу ҳақда Жалолобод вилоятининг ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.

Маълумотга кўра, 27 июлда 59 ёшдаги турғун ўқотар қуролдан жароҳат олиб Жалолобод вилоят касалхонасига мурожаат қилган. Жабрланувчининг айтишича, унга ниқоб кийган икки номаълум киши ҳужум қилиб, сўнгра қочиб кетган.

«Жабрланувчи иш жойида, аниқроғи ўша ерда ўрнатилган вагоннинг ичида ухлаб ётган вақтда, қора рангдаги ниқоб кийган нотаниш икки киши келиб, қўлидаги газ баллон билан кўзига сочиб, номаълум тўппонча билан қорнига ўқ отиб, пул талаб қилишган», - дейилади Жалолобод вилоят ИИБнинг билдирувида.

Мазкур факт Жиноят ва қилмишларнинг умумий реестрига «Босқинчилик» моддаси билан қайд этилиб, судгача тергов иши очилган. Тергов давомида Ўш вилоятидаги Қорасув туманининг 22 ёшдаги турғуни қўлга олиниб, икки ойга қамоққа олинган.

Шунингдек қўлга олинган турғун терговнинг давомида жиноят қилганини тан олиб, унинг шериги Фарух исмли шахс бўлганини маълум қилган. Ҳозирда у қидирувда. У Бозорқўрғон туманининг 25 ёшдаги турғуни А.Ф. эканлиги ва аввал оғир модда билан судлангани аниқланган.

7 августда эса Бозорқўрғон туманининг 63 ёшдаги турғуни ҳам милицияга ариза билан мурожаат қилган. У номаълум шахслар уйига кириб ўқотар қурол билан қўрқитиб, буюмларини ўғирлаб кетишганини айтган. Кўп ўтмай жиноятга гумондор қатори Ўш вилоятининг 22 ёшдаги турғуни қўлга олинган. У ўқ отувчи қуролни бозорқўрғонлик Сирожиддин исмли киши берганини билдирган.

Сирожидин уюшган жиноий гуруҳ аъзоси сифатида Ички ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтган 44 ёшли Бозорқўрғон фуқароси бўлиб чиқди. Милиция ходимлари уни 15 сентябрь куни ҳибсга олишди. Тинтув пайтида гумонланувчида 2 дона қурол, патрон ва қора кастет борлиги аниқланган.

Тергов маълумотига кўра, талончиликларни айнан Сирожидин уюштирган. Милиция икки эпизод бўйича судгача иш юритишни бошлаган, гумондорлар икки ойга Бозор-Қўрғон туман ИИБ қамоғига жойлаштирилган.