3000дан ортиқ қирғизистонлик Россия-Қозоғистон чегарасида далада тунаб, ватанига қайта олмаяпти

338

Уч минг нафардан ортиқ қирғизистонлик мигрантлар Россиянинг Қозоғистон билан бўлган чегарасидан чиқа олмаяпти. Улар ватанига қайта олмаётганига 20 кундан ортди. Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Аликбек Жекшенкулов «Азаттык»қа берган интервьюсида мигрантлар Оренбурга ва Самара вилоятларининг, бундан ташқари Бошқирдистон Республикасининг ҳудудларида жойлашганини айтди.

«Сўзлашувлар олиб бормоқдамиз. Чегара қачон очилиши ҳақида Қозоғистон жавоб бергани йўқ», — деди дипломат.

Мигрантларнинг айтишича, уларнинг ватанга қайтишга ёрдам бериш бўйича ҳар кунлик илтимосларига ҳукумат ҳеч қандай реакция қилмаяпти.

«Халқни қийнаб бўлдинглар. Бу ерда беморлар ҳам бор. Далада ётганимизга 20 кун бўлди. Охиргилари 26сида кетди, биз улгурмай қолдик. Ётибмиз шу ерда», — деб айтди мигрантлардан бири.

Қозоғистон ҳозирча йўловчи ташувчи транспортнинг юриши учун чегараларини расман очгани йўқ. Чегара коронавирус пандемияси сабаб ёпилган эди.

Қирғизистонликлар Россиянинг Қозоғистон билан чегарасига мигрантлар учун транспорт коридори очилади деган маълумот пайдо бўлгандан кейин чегарага қараб оммавий кела бошлаган. Аммо ТИВ чегарага бормаслик илтимоси билан мигрантларга бир неча бор мурожаат қилган, Қирғизистонга кетувчи чартер рейсларнинг сони кўпаяди деб ишонтирган.

Лекин Россияда ватанига етиб олиш умиди билан чегара ҳудудларига келаётган минглаб мигрантлар бор.

Ҳукуматнинг ёрдамидан умидини узмаган фуқаролар кичкина болалар билан очиқ далада тунашга мажбур бўлган. Рус тарафи уларга чодир лагерларни уюштиришга ва керакли озиқ-овқат билан таъминлашга ёрдам берган.

Қирғизистоннинг Ташқи ишлар вазирлигининг маълумоти бўйича, пандемиянинг бошидан бери Қирғизистонда 25 мингдан ортиқ фуқаро қайтарилган. Уларнинг кўпи Россия ҳудудида ишлаган ва ўқиганлар бўлган.

Асосий сурат: Kaktus Media.

Материал устида ишлаган: Амина Кадралиева.