Бишкек мэри пандемия шароитида сайловга тайёргарлик кўриш ҳақида айтиб берди 

339

Бишкек мэриясида 7-сентябрда мэр Азиз Суракматовнинг етакчилигида йиғинлар қайта бўла бошлади. Пойтахт амалдорлари шаҳарнинг 4-октябрда ўтувчи сайлов учун санитария-эпидемиологик тайёргарлигининг босқичларини муҳокама қилдилар. 

Суракматов сайлов куни ҳар бир участканинг олдида жисмоний масофани сақлаш учун коридор ўрнатишни таклиф қилди. 

«У ерга овоз бераман деб 300 нафар киши келса навбат катта бўлади. Шу сабабдан колонна тузию, ажратиб туриш керак. Балки ҳар бир одам бир ярим, икки метр оралиқда туриши мумкин бўлган ва УСКга киришда қандайдир бир коридор бўлиши керакдир. Бугун ҳокимиятлар билан бу масалани фикрлаб кўриш керак. Бу ўтирғичлар, лента тортилган штативлар бўлиши мумкин, қандай меъёрларни тавсия қиласизлар?» — деб сўради у йиғиндаги амалдорлардан. 

Вице-мэр Азиз Алымкулов барча сайлов участкаларида кириш фильтрлари бўлишини, у ерда шаҳарликларнинг тана ҳарорати текширилиб, қўлларига санитайзер сочилишини хабар қилди. 

«Биз овоз бериш мобайнида вақтни йўқотмай дезинфекция юргизишни ўйлаяпмиз. Бу керакли меъёр деб ҳисоблаймиз, чунки 3-4 соатнинг ичида 200-300 киши бир бинонинг ичида бўлишади», — деб қўшимча қилди Алимкулов.

Шундан кейин Суракматов шаҳар жамоат транспортининг ишига эътибор қаратди. Унинг айтишича, йўловчилар масофани сақламай, маршрутка билан автобусларда ниқобсиз юришгани сабаб коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини бошланиб кетиши эҳтимол. 

«Бунга эътибор қаратиш керак. Акс ҳолда 4-октябрда биз [коронавируснинг] қайта кучайиб кетишига, сайловга ҳеч ким келмай қолган ҳолатга дуч келамиз. Юқтириб олишдан ёки бошқаларга юқтиришдан қўрқиб келмай қолишади. Сайловгача шаҳарни жиддий санитар хавфсизликда сақлашимиз керак», — деди мэр.

Суракматовнинг фикрига кўра, жамоатчилик транспортидан ташқари санитария қоидаларини жамоатчилик овқатланиш жойлари ҳам бузмоқда. 

Мэр фаолиятига рухсат берилмаган тунги клуб, ресторан ва тўйхоналар ишлаётганини кўрганини айтди. 

«Агар ҳокимиятлар билан штаб рухсат бермаган бўлса кимнинг рухсати билан [ишлашяпти]? Агар бу вазиятни бугун назоратга олмасак, у ҳолда 4-октябрда бугун барча айтаётган иккинчи тўлқинга учраймиз», — деб яна бир бор огоҳлантирди Суракматов.

Мэриянинг маълумотига кўра, 7-сентябрга келиб Бишкекда 233 сайлов участкаси очилган. 

Ҳозирда шаҳар ҳукумати шаҳарликлар хавфсиз овоз бериб кетиши учун шароитларни ташкил қилишга йўналтирилган ишларни амалга оширишмоқда: Участка сайлов комиссиялари (УСК) интернетга уланиб, ногирок сайловчилар учун пандуслар ўрнатилиб, генераторлар қўйилмоқда. 

Пандемия бошлангандан бери мамлакатда коронавируснинг 44521 ҳолати қайд этилди. Уларнинг ичидан 17 714 ҳолати, аниқроғи деярли 40 фоизи Бишкек шаҳрига тўғри келади. 

4-сентябрдан бошлаб парламент сайлови учун тарғибот ишлари бошланди. У 3-октябрга қадар давом этиб, эртасига сайловнинг ўзи ўтади.