Баткенда юқумли касаллар шифохонасининг биносини таъмирлаш ишлари якунланди

314
Сурат: Республика штаби

Боткен вилоят Оилавий шифокорлар марказининг эски биносини таъмирлаш ишлари якунланди. 90 ўринга мослаштирилган бинода юқумли касаллар шифохонаси очилади.

Республика штаби 31 августда билдиришича, касалхонада барча шартлар тузилган. Бинонинг томи, эшик, деразалари, канализацияси, иситиш тизимлари янгиланган. Яқин кунлари касалхона жиҳозлар билан таъмин қилинмоқчи.

Таъмир ишларига бюджетдан 12 млн сом ажратилган. Эски касалхона бир ой аввал таъмирлана бошлаган эди.

Бунга қадар бош вазир Қубатбек Боронов ҳудудлардаги «бўш бинолар» касалхонага мослаштирилиб тайёрланишини билдирган.

Шунингдек Бишкек ва Ўш шаҳарларида 100 ўринлик, Норин шаҳрида эса 70 ўринлик инфекциялик касалхона қурилмоқда. Боронов мазкур касалхоналар «кузга тайёр бўлиб қолишини» айтган.

Коронавируснинг иккинчи тўлқини олимларнинг тахмини бўйича жорий йилнинг куз мавсумига тўғри келиши мумкин. Қирғизистонда эса 31 августга кўра COVID-19ни юқтириб олганларнинг сони 43 898 кишига етди.