Жогорку Кенешнинг депутатлари Алтинбек Жунус ўғли ва Данияр Толонов ўз мандатларини топширди

338

Марказий сайлов комиссияси 28-августда Жогорку Кенешнинг икки депутатининг ваколат ҳуқуқларини тўхтатди. Маълумотга кўра, «Кыргызстан» фрациясининг депутати Данияр Толонов ва «Онугуу-Прогресс» партиясининг депутати Алтинбек Жунус ўғли ўз истаги билан мандатларини топширди. Уларнинг ўрнига Мээримбек Койчуманов ва Нурлан Сирдибаев келди.

Мандатни топширган экс-депутат Толонов навбатдаги парламент сайловига «Кыргызстан» партияси билан қатнашмоқчи — у партиянинг рўйхатида 10-ўринда туради. Жунус ўғли эса «Онугуу-Прогресс» партиясидан ҳам чиқиб, навбатдаги сайловга «Республика» билан боради — у номзодларнинг рўйхатида бешинчи.

Аввалроқ Жогорку Кенешнинг бир неча депутати навбатдаги сайловга қатнашиш учун мандатларини топширишган.

Биринчилардан бўлиб мандатни «Ата Мекен» фракциясининг депутати Алмамбет Шикмаматов топширган. Унинг асосий сабаби қатори Шикмаматов партиянинг ўша вақтдаги лидери Омурбек Текебаев билан фикри келишмай қолгани айтилган. Собиқ депутат «Бир Бол» партияси билан парламент сайловига қатнашади.

Ярим йилдан кейин депутатлик мандатини Исхак Масалиев топширган. Ҳозирда у «Бутун Кыргызстан» партияси билан сайловга боради.

Унинг ортидан «Кыргызстан»нинг бир неча депутати — Руслан Чойбеков, Жанибек Исаев, Алмазбек Эргешев ҳамда фракциянинг лидери Алмазбек Баатирбеков — мандатларини топширган. Кейинчалик Баатирбеков вице-премьер-министр бўлиб тайинланди.

Охиргилардан бўлиб эса Жогорку Кенешдаги «Онугуу-Прогресс» фракциясининг депутати Зиядин Жамалдинов кетган. У ҳам навбатдаги сайловга «Бутун Кыргызстан» партияси билан қатнашади.

Қирғизистонда парламент сайлови 4-октябрга ўтади.