Бишкекнинг вице-мэри Виктория Мозгачева 28-августда ўтган брифингда маълум қилишича, Бишкекдаги барча кундузги ва тунги стационарлар COVID-19нинг иккинчи тўлқинига қадар вақтинча ишини тўхтатди. Унинг айтишича, барча жиҳозлар ва мебеллар дезинфекцияланди.
«Эҳтимолий иккинчи тўлқинга тайёргарлик кўриш мақсадида ва коронавирус, пневмония касалликлари кўпайиб кетса, Бишкекда стационарлар, шунингдек оилавий тиббий марказларнинг базасидаги [стационарлар] қайтадан очилади», — деди Мозгачева.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Даволаш бошқармасининг етакчи вазифасини бажарувчи Нургул Ибраева муассасанинг буйруғи бўйича, қўшимча уюштирилган стационарлар Бишкекдагина эмас, бутун республика бўйича вақтинча ёпилиши кераклигини «Клооп»га билдирди.
«Августнинг бошидан бери пневмония ва COVID-19 вазияти барқарорлашгани сабабли, қўшимча уюштирилган барча стационарлар босқичи билан ёпилмоқда. Беморлар даволанаётган стационарларгина очиқлигича қолмоқда. Одатий стационарлар ўз ишини эски тартибда давом эттирмоқда», — деди Ибраева.
Июль ойида COVID-19га чалинганларнинг сони кескин ўсиб, касалхоналарда ўрин етишмай қолгани сабаб ҳукумат ОРВИ ва пневмониянинг енгил ҳамда оғир формаларини даволаш учун кундузги ва кечки стационарларни очган. Уларни очишнинг асосий мақсади — бу клиникаларга келган оғирликни озайтириш эди. Шунингдек, касаллик бошланиб келаётган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўлган.
Коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика штаби Бишкекда кундузги стационарларнинг очилиши ҳақида биринчи марта 4-июлда хабар қилган.
Мамлакат бўйича жами бўлиб 848 кундузги ва кечки стационар очилган. Уларнинг ичидан 13 кундузги ва 3 кечки стационар Бишкекда очилиб, 1173 ўринга мўлжалланган.
28-августга келиб Қирғизистонда коронавирусга чалинганларнинг сони 43 587га етди. Уларнинг ичидан 37 726 нафар киши касалликдан соғайиб, 1058 нафар бемор вафот этган. Охирги икки кундан бери Қирғизистонда коронавирусга чалинган беморларнинг вафот этиш ҳолати қайд этилмаган.