Ақси: Эркак турмуш ўртоғини электрсими билан калтаклади, жабрланувчи касалхонада

374
Жабрланувчи касалхонада. Сурат: Жалолобод вилоят ИИБи

Жалолобод вилоятининг Ақси туманида турмуш ўртоғини аёвсиз калтаклаган киши 27-августда мазкур туман ИИБнинг вақтинча ушлаб турилувчи жойига икки суткага қамалди. Бу ҳақда «Клооп»га Жалолобод вилоят ИИБининг матбуот котиби Нурдин Жээнтаев билдирди.

«Аввалроқ 26-август куни Ақси ҳудудий касалхонасидан туман ИИБга аёлнинг эри томонидан калтакланиб, касалхонага ётқизилгани ҳақида маълумот келиб тушган. Тезкор тергов гуруҳи касалхонага ва уларнинг уйига бориб керакли материалларни тўплашган», — деди у.

Жабрланувчининг опаси Дамира Изаеванинг айтишича, куёви синглисини «бир ерга бориб келдинг» деб айблаб, уйдан бошқа оила аъзоларини қувиб чиққан. Шундан кейин аёлни ялонғочлаб, тонг отгунча электр сими билан калтаклаган.

«Кичкина эмизикли боласи бор, уни ухлатиб қўшнисиникига қочиб чиққан. Бу биринчи сафаргиси эмас, синглимни ҳозирги вақтда аҳволи ўрта. У гапира олмаяпти, оғизлари шишган, юзи шишган, ёмбошлари ярамайди, оёқ момоталоқ. Куёв бола қилдан қийиқ топиб, сабабсиз синглимни калтаклайверади», — деган у.

Тўпланган материаллар асосида хотинини калтаклаган кишига нисбатан «Оилавий зўравонлик» моддаси бўйича иш очилиб, аёлнинг соғлигига келтирилган зарарни аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган.

Аммо аёлнинг танасини сиртдан ўтказилган кўрик асосида модда «Оилавий зўравонлик»дан «Безориликка» ўтган.

Унинг айтишича, киши ҳозирда сўроқ бермоқда, унинг эҳтиёт чорасини эса суд аниқлайди.

Йил бошида оилавий зўравонлик сабаб вафот этган аёлларнинг воқеаси жамоатчиликни хавотирга солган. Январь ичида ИИВ аёлларни ўлгунча калтаклаб, уларга атайлаб ўт қўйиш бўлган бир неча факт ҳақида хабар қилган.

Орадан уч ой ўтгандан кейин, ИИВ 2020-йилнинг биринчи кварталида оилавий зўравонликнинг сони ўтган йилнинг айни мавсумида нисбатан 65 фоизга кўпайганини билдирган. Оилавий зўравонликдан жабрланган етти нафар аёл ўлдирилган.

Бош прокуратуранинг маълумоти бўйича 2019-йили Қирғизистон бўйича 6145 оилавий зўравонлик қайд этилган. Оилавий зўравонликдан эса энг кўп аёллар жабрланган — 5 659. Эркакларнинг сони деярлик 11 баробар кам — 486.