БАА Қирғизистон билан авиарейсларни қисман тиклади, Туркия қўшимча рейсларни очди 

Қирғизистоннинг Транспорт ва йўллар вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилишича, 7-августдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари билан халқаро авиарейслар қисман тикланди. 

Рейслар Flydubai авиакомпанияси тарафидан, Дубай — Бишкек — Дубай йўналиши бўйича ҳафтасига бир марта амалга ошади. 

Бундан ташқари, қуйидаги рейслар бўйича Туркия билан қўшимча рейслар очилади:

  • Бишкек — Истамбул — Бишкек ҳафтасига 2 карра (Avia Traffic Company авиакомпанияси);
  • Бишкек — Анталя — Бишкек ҳафтасига 1 карра (Avia Traffic Company авиакомпанияси);
  • Истамбул — Бишкек — Истамбул ҳафтасига 2 карра (Turkish Airlines авиакомпанияси);
  • Истамбул — Бишкек — Истамбул ҳафтасига 2 карра (Pegasus Airlines авиакомпанияси).

Аввалроқ Туркиядан Қирғизистонга парвоз рейслари Истамбул  — Бишкек — Истамбул йўналиши бўйичагина бор эди.

29-июлда Қирғизистон Россия, Қозоғистон ва БАА мамлакатларига августдан бошлаб авиа рейсларни очиб, ҳафтасига бир неча рейс уюштиришни таклиф қилган. Аммо Россия ва Қозоғистон авиақатновларни жонлантиришдан ҳозирча бош тортишган. Айни вақтда Россиянинг «Аэрофлот» компанияси 31-августга қадар Бишкекка учувчи рейсларнинг барини тўхтатган. 

Қирғизистон бошқа мамлакталар каби коронавирус пандемияси сабаб март ойида чегараларини ёпиб, халқаро ва ички авиа рейсларни тўхтатган — улар 5 ойга яқин муддатдан бери ишламай келмоқда. 

Аммо «Манас» аэропорти юк ва чартер рейслари учун хизмат кўрсатмоқда. 8-июндан бошлаб Қирғизистонда барча ички авиарейслар ишлай бошлаган.