Ўш вилоятининг Ўш-Ўзган трассасида 5-августда рўй берган автоҳалокатдан тўрт киши вафот этиб, яа бир киши шифохонанинг реанимация бўлимида. Бу ҳақда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасидан хабар берилди.
Маълумотга кўра, «ВАЗ 2107» русусмидаги енгил автомобилда Ўш шаҳрининг 17, 18, 19 ёшдаги турғунлари ҳамда 20 ёшдаги икки киши Ўзгандан Ўшга кетаётган бўлган.
18 ёшдаги ҳайдовчи машинани бошқара олмай йўлнинг четида тўхтатилган «SCANIA» юк ташувчи машинасини уриб олган.
«Унинг касофатидан ҳайдовчи ва 19 ёшдаги йўловчи воқеа жойида вафот этган. 20 ёшдаги икки киши Ўш вилоятлараро касалхонада олган жароҳати сабаб вафот этишган. 17 ёшли йўловчи ҳозирда жонлантириш бўлимида», — деб билдирди идоранинг матбуот котиби Жениш Аширбаев.
Оғир юк ташувчи машинада эса ҳеч ким бўлмаган — машина бузилиб қолгани сабаб йўл четида тўхтаб турган.
Воқеа Қорасув туман ИИБнинг Жиноятлар ва қилмишларнинг умумий реестрига қайд этилиб, суд-тиббий ҳамда техник экспертиза тайинланган. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.