Жээнбеков: Азимжон Асқаровнинг ишида халқаро меъёр сақланди

374
Сооронбай Жээнбеков

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков «Биринчи радио»га 1-августда берган интервьюсида ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ишига изоҳ берди. Президент Асқаров иши «халқаро стандартларга мувофиқ» бўлганини айтди. Шу билан бирга, у ҳуқуқ ҳимоячисига чиқарилган суд ҳукмига шарҳ беришни истамади.

«Бу иш 2010-йилдан бери Қирғизистон халқи ва дунё ҳамжамиятининг диққат эътиборида бўлди. Иккала томон ҳам  суднинг турли инстанцияларига мурожаат қилишди. Халқаро норма ҳам сақланди. Қирғизистонда қонун устувор бўлиши керак. Менинг суд қарорларини шарҳлашим нотўғри бўлди», - деди Жээнбеков.

Бироқ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Асқаров иши бўйича суд ҳукми нотўғри ва у ноқонуний ҳибсга олиниб, қийноққа солинганини билдирган. Мазкур қўмита 2016-йили Қирғизистон ҳукуматидан  Асқаровнинг ҳукмини бекор қилиб, уни зудлик билан озод қилишни талаб қилган. Аммо бу амалга ошмаган.

Асқаровнинг ишини қайтадан кўриб, уни бўшатишга Европа иттифоқи ҳам чақирган. Аммо ҳуқуқ ҳимоячиси 25-июлда №47 колониянинг тиббий марказида бевақт вафот этди.

Аввалроқ унинг адвокати Асқаровнинг соғлиғи ёмонлашганини ва у юра олмай қолганини билдирган.  Ҳуқуқ ҳимоячиси вафотидан кейин унга икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган ва «ўткир нафас етишмовчилиги» туфайли вафот этгани маълум бўлди.

Жазони ижро этиш давлат хизмати дастлаб Асқаровнинг касал эканлигини инкор қилган. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлимидан сўнг, идора Асқаровнинг аҳволи оғир бўлганини тасдиқлаб, у тиббий ёрдам олишдан бош тортган деб ишонтиришган.

Шунга қарамай БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг вакили Лиз Троссел 28-июль куни Женевада бўлиб ўтган брифингда «Асқаровнинг ўлими бўйича тезкор, холис ва самарали тергов таъминланиши керак» деб билдирган.

Азимжон Асқаров 1 август куни Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида дафн қилинди. Унинг жасадини қўшни давлатга олиб кетишга рухсат олиш учун беш кун кутган.