Талас етакчисининг маслаҳатчиси маст аҳволда велосипед минган болани урди — жабрланувчи касалхонада вафот этди

Ҳукуматнинг Талас вилоятидаги мухтор вакилининг маслаҳатчиси Марслатбек Шералиев 30-июлда автоҳалокат иштирокчиси бўлди.

ЙҲХББнинг матбуот хизмати билдиришича, таҳминан соат 5:30ларда Талас вилоятининг Кўк-Тўқой қишлоғида 53 ёшдаги Шералиев «Тойота Фораннер» машинаси билан йўл четида велосипед ҳайдаб бораётган 26 ёшдаги йигитни уриб кетган. Шундан кейин «Тойота Фораннер» тўхтаб турган «Мерседес Гигант» оғир юк машинасини бориб урган.

Велосипед боқшарган одам оғир аҳволда касалхонага етказилиб, кейинчалик вафот этди.

Талас вилоят ИИБидан билдирилишича, Шералиев йўл ҳалокатидан кейин спирт ичимликларини ичиб-ичмагани бўйича текширилиб, натижада у маст аҳволда бўлгани аниқланган. У Таласнинг вақтинча ушлаб туриш жойига киргизилди.

«Воқеа бўлган ерда тезкор тергов гуруҳи ишламоқда», — деб билдиришди ЙҲХББдан.

Шералиев Марслатбек — Миллий хавфсизлик хизматининг (ҳозирги МХДҚ) заҳирадаги подполковниги. У 2017-йили ҳукуматнинг Талас вилоятидаги вакили Марат Мураталиевнинг маслаҳатчиси бўлиб тайинланган.

Воқеадан кейин ҳукуматнинг Талас вилоятидаги мухтор вакилининг матбуот котиби Бакай Садиров «Turmush» нашрига Марслатбек Шералиев расмий турда хизматда эмаслигини хабар қилган.

«Оммавий ахборот воситаларига нотўғри маълумот кетган. Бизда мухтор вакилнинг маслаҳатчиси деган штат йўқ. У жамоатчи ёрдамчи қатори келиб юрган. Бизда мухтор вакилликда 33 штатгина бор», — деди Садиров.